ЎҚУВЧИ ТЕЛЕФОНИНИ ЎЧИРДИ, ЎҚИТУВЧИЛАР-ЧИ?

Таълим масканларида янги ўқув йили бошланди. Мактаб - ўз номи билан мактабдир. Бу масканда мурғак болаларнинг нафақат билими, шу билан бир вақтда инсоний хулқ-атвори, табиати ҳам шаклланади. У жамоатчилик ичида тарбияланади. Болалар устознинг нафақат айтган сўзи, балки ўзини тутиши, муомаласи, қўйингчи, ҳар бир хатти-ҳаракатидан ибрат олади. Шу нуқтаи назардан фикр юритадиган бўлсак,  табиатидаги барҳам бериши лозим бўлган нуқсонлардан тўла халос бўла олмаган мураббийлар ҳали ҳам йўқ эмас. Бу эса сўз, талаб ва шахсий ибратдаги номутаносибликни келтириб чиқариши табиий.
 Бундай ҳолатни оддий телефондан фойдаланиш жараёни мисолида таҳлил этиб кўрайлик.
 Ўқитувчи учун мобил алоқа воситаси зарур, ҳатто жуда керак. Негаки, мураббийлар телефондан фақат алоқа воситаси сифатдагина эмас, балки соҳага оид маълумотлар олишда ҳам кенг фойдаланадилар.
 Ўз навбатида ўқувчи учун ҳам телефон воситаси керак. Эндиликда фарзандимизга, айниқса, ўсмирларга телефон ишлатишни таъқиқлаш ғайритабиий ҳолатга айланиб улгурди. Турмуш ташвишлари билан банд ота-оналар фарзандлари билан боғланиб туришида бу бирмунча қулай эканлиги ҳам рост. Қолаверса, ёшларга нимадир  таъқиқланса, улар шунчалик иштиёқ билан шу нарсага интилади. Баъзан мақсадига эришиш учун кутилмаган, ҳатто хавфли ҳаракатлар қилишдан ҳам ўзини тўхтата олмайди. Яхшиси, уларда телефондан тўғри фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш лозим.
 Шу боисдан Вазирлар Маҳкамаси томонидан бундай етти йил аввал, яъни 2012 йил 21 майда “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобиль телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Мазкур қарор асосида Халқ таълими вазирлигининг тегишли бўйруғи ишлаб чиқилган. Бу ҳужжатлар таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартибини белгилайди. 
 Унга кўра, таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ўқитувчи ва бошқа шахслар уяли алоқа воситасини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт. Телефон фақат махсус ғилофларда, сумка ёки портфелларда олиб юрилиши керак.
 Хўш, бу қоидага амал қилаяпмизми? Тан олишимиз лозимки, ЙЎҚ! 
Келинг, фикримизни исботлаш учун истаган таълим масканига ташриф буюриб кўрайлик. Танаффус чоғида мактаб ҳовлисида оёғининг чигилини ёзаётган, шу баҳона чекка-чеккада тўда-тўда бўлиб телефон титкилаётган ўқувчиларни қўя турайлик. Муассасадаги деярли барча ўқитувчилар билан ҳам ана шундай ҳолга дуч келиш мумкин. Ачинарлиси,бу шундоққина ўқувчиларнинг кўз олдида юз бермоқда. Танаффус вақти-ку майли, ҳатто дарс чоғида ҳам қўлидан телефон тушмайдиган, натижада бутун эътибори ушбу “жажжи сеҳргар”да бўладиган ўқитувчиларни ҳар қадамда учратиш мумкин. Айниқса, ёш ўқитувчилар буни ҳатто табиий ҳол деб ҳисоблашини яхши биламиз. Ва энг ёмони айнан шу тоифадаги устозлар ўқувчиларнинг телефондан фойдаланаётганидан норози бўладилар, орада турли зиддиятлар юз беради.
 Бизнинг фикримизча, ўқувчини тартибга чақириш учун аввало, ўқитувчи ҳам ўзини идора қила билиши керак.
 Ўқитувчиларнинг бу йилги август анжумани “Ислоҳотни ўзимиздан бошлашимиз керак!” деган шиор остида ташкил этилгани бежиз эмас. Ўқитувчи зиммасидаги масъулият оғир. Унинг меҳнатини қадрлаш ҳақида шахсан юртбошимизнинг ўзлари қайғурмоқда. 
 Демак, бу эътиборга муносиб бўлиш учун ҳар бир ўқитувчи ўзидаги салбий “хислат”ларни таҳлил қилиб кўриши лозим. Бу гап бевосита телефондан фойдаланиш масаласига ҳам тегишли. Ахир, катта жамоа саналган мактабда раҳбарлар ким телефонини ўчирди ёки ўчирмади деб пойлоқчилик қилиб юриши уят. Бунга ўзимиз одатланишимиз, табиатимизда ички маданиятни мустаҳкамлай билишимиз лозим. Шундай           эмасми?
 
                 Муқаддам ҲАЙИТОВА,
                 журналист.