Шоир берган тилла зирак...


Шеър ёзиш даъво, - деган эди бир суҳбатида шоир Муҳаммад Юсуф. - Ҳаётда тириклигингни кўрсатувчи далил исботингдир.

Ҳа, унинг даъволари    фавқулодда бўлиқ ва бақувват эди. У жуда қисқа умр ичида элининг катта юрагини кўтариб яшади. Инчинун, ана шу даъвоси билан  миллати дардига дармон бўлди, ўзини ҳам ўзидаги майдаликлардан озод қилди. У сўз билан, қисмати билан баъзан даъволашиб, баъзан эса олов билан ўйнагандек ўйнашиб яшади. Шеърларида ўлим ҳақида кўп ёзарди у. Бу сўхтаси совуқ мавзуни севиб қолгандек эди у гўё. 

Тузалмайди дардим менинг

Ўлсам керак.

Тупроқ билан оға-ини 

Бўлсам керак.

Ўлим нима?

Бу ҳам битта

Сайр, она.

Ўғлинг қаро ерга кетди,

Хайр она...

...1996 йил эди чамамда, биз ҳали эндигина талаба эдик, Самарқанд Давлат Университети талабаси. Республика талабалари орасида "Ўзбекистон - Ватаним менинг!" шеърият танлови муносабати билан Тошкентдан бир гуруҳ шоир ва ёзувчилар олийгоҳимизга ташриф буюришди. Улар ичида Муҳаммад Юсуф ҳам бор эди.

-Шеърларингизда ўлим мавзуси негадир кўп учрайди. Нега? - биз шоирга ушбу саволни бериб кўрдик.

-Шоир шеърини бир ўзи ёзмайди, бу жараёнда унга яна кимдир ёрдам беради. Менимча, бу фаришталар бўлса керак. Саволингизга аниқ бир нарса айтолмайман. 

Биз ана шу мавҳум жавобни ололдик, холос. 

Учрашувда шоирлар талаба ижодкорлар ичида менинг қишлоқ соғинчи ҳақидаги шеърларимга биринчи ўринни беришди.  Укам Орифга эса учинчи ўрин насиб қилди. Ўша мукофот олиш дақиқасини ҳеч унутмайман. 

-Сен Орифнинг синглисимисан? - деган эди менга мукофотни топшираётиб шоир Муҳаммад Юсуф. Ўша аснодаги шоирнинг табассуми ҳам бошқача эди. Чарақлаган табассум эмасди! 

Мукофот пулига ирим билан дарровгина тилла зирак харид қилганман. Бу зирак ҳали ҳамон менга шоирни эслатади. Ҳаётнинг энг сармояли палласи бўлган талабалигимни кўз олдимга келтиради...

Муҳаббат ТЎХТАШЕВА,

                      шоира.