ИШТИХОНДА БИР АЁЛГА ЕТТИ НАФАР “ЗЎРАВОН” ТАЗЙИҚ ЎТКАЗМОҚЧИ БЎЛДИ

Инсон шаъни ва қадр қиммати ҳар нарсадан устундир. Афсуски, инсон ҳаётини  ўз “қаричи” билан ўлчаб бир инсоннинг ҳаётини алғов-далғов қилмоқчи бўлишди. Минг шукурки биз аёллар эъзозланадиган ва қадрланадиган юртда яшаймиз ва ҳеч бир аёлни ҳимоясиз қолдирмаймиз. 
   Иштихон тумани Соҳибкор МФЙ Тўла қишлоғида истиқомат қилувчи Ж.М етти нафар ҳам қишлоқлари  И.Э, А.У, С.Б, Ш.С, Ш.Э, Ш.Б лар хатти-ҳаракатидан норози бўлиб туман ИИБга ариза билан мурожаат қилган.  Жорий йилнинг 27 май куни кечаси соат 01:00, 02:00 лар атрофида жабрланувчи Ж.М уйининг дераза роми очиқлигидан фойдаланган йигитлар маст ҳолатда аёлнинг шахсиятига тегадиган сўзлар орқали уни ҳақорат қилиб, руҳий тазйиқ ўтказган. Бундан ташқари  Ў.У  маъмурий жавобгарликдан сўнг ҳам руҳий босим ўтказишни давом эттирган.  Шундан сўнг аёл қўрқув сабабли бир-неча кунгача уйидан кетиб қолиб яшириниб юрган.  
   Ариза юзасидан туман ИИБ ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилганда юқорида кўрсатилган фуқароларнинг ҳатти-ҳаракатида Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183- моддасида кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари бўлганлиги сабабли ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси асосида ҳужжатлар тўплаб МИБ Иштихон туман судига юборилди. Суд томонидан ушбу фуқароларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилиб, уларнинг ҳар бирига маъмурий 10 (ўн) сутка қамоқ жазоси қўлланилди.

   Ўзбекистон Республикасининг 2 сентябрь кунидаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 561-сон Қонуни ва Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3-сон Қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида туман ИИБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лейтенант М.Примова ва Сохибкор МФЙ Профилактика инспектори лейтенант Р.Худойбердиев фуқаро  Ж.М га SV№ 0000166-рақамли ҳимоя ордерини беришди. Яъни бунда бир ой мобайнида аёл ИИБ назоратида бўлади.

Тазйиқ ўтказган шахслар Ў.У, И.Э, А.У, С.Б, Ш.С, Ш.Э, Ш.Б ларга нисбатан ҳимоя ордери асосида қуйидаги чекловлар ўрнатилди ва тасдиқланди:
- тазйиқ ўтказишни ва зўравонлик содир этишни таъқиқлаш;
- тазйиқ ўтказган ёки зўравонлик содир этган шахснинг тазйиқ ва зўравонликдан жабрларганлар билан алоқасини таъқиқлаш;
- тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этилган тақдирда тазйиқ ва зўравонликан жабрланганнинг ҳамда тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг бир хонада бирга бўлишини таъқиқлаш;
- тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг зиммасига тазйиқ ва зўравонликан жабрланганни даволаш, унга маслаҳат бериш, уни тазйиқ ва зўравонликан жабрланганларга ёрдам кўрсатувчи махсус марказга жойлаштириш учун харажатлар ва моддий зарарни қоплаш, шунингдек маънавий зиённи компенсация қилиш мажбуриятини юклаш;
- тазйиқ ўтказган ва зўравонлик содир этган шахснинг қуролини (бундан хизмат қуроли мустасно)сақлаш ва олиб юриш ҳуқуқини ҳимоя ордерининг амал қилиши даврида чеклаш ёҳуд таъқиқлаш, шунингдек унинг қурол сотиб олиш учун рухсатнома олишга доир ҳуқуқини таъқиқлаш;
- зўравонлик хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши шартлиги юзасидан белгиланган мажбурият.
  Туман ИИБ профилактика инспектори  Ш.Нарзиев, Соҳибкор МФЙ раиси А.Бобоев, мутахассиси Ф.Собирова бу оилага мураббий этиб бириктирилди. Айни дамда фуқаро Ж.М ўз яшаш уйида онаси ва акаси билан яшаб келмоқда.
   Ҳа, азизлар! Қонун олдида барча баробар ва жавобгардир, юқоридаги ҳолат қолганларга ўрнак бўлиш мақсадида ёритмоқдамиз. Зеро инсон қадри баланд бўлган мамлакатда яшамоқдамиз. Бундайлар ўз жазосини олади албатта, лекин бир оиланинг шаъни нима бўлади? Ўнинг ўзи ва яқинларичи?  

Мунира ПРИМОВА 
Туман ИИБ хотин-қизлар масалалари 
бўйича катта инспектори лейтенант.
Тайёрлади журналист М.РАББИМОВА.