СОВҒАЛАР ЎЗ ЭГАЛАРИГА ТОПШИРИЛДИ

Маълумки, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Иштихон туман Кенгаши томонидан “9 май – Хотира ва Қадрлаш куни”, “23 май – “Камалак” болалар ташкилотининг 19 йиллиги” ҳамда “1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан бир неча онлайн танловлар ташкил этилган эди. “Камалак  менинг тасаввуримда”, “Болаларга беринг дунёни!”, “Мен келажакда ... бўламан!” каби мавзулар бўйича ўтказилган ижодий танловларда туманимизнинг барча таълим муассасаларидан ўқувчи ёшлар фаол иштирок этди ва ғолиблар аниқланди. Аммо, танловлар ўтказилган даврда туманимиз карантиндаги “қизил ҳудуд” бўлганлиги боис ғолибларни тақдирлаш бир оз кечиктирилган эди.
 10 июнь куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Иштихон туман Кенгашида карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда ғолиб ўқувчиларга танлов совғалари тақдим этилди. 
 Танлов ғолиблари орасида менинг фарзандим -Иштихон шаҳридаги 33-умумий ўрта таълим мактабининг 5-синф ўқувчиси Мадина Толлибоеванинг ҳам бор эканлигидан беҳад қувондим. Карантин даврида ёшлар ташкилоти томонидан ташкил этилган бу каби онлайн танловлар фарзандларимизнинг ижодий изланишларида муҳим аҳамият касб этди. Биз ота-оналар бундан мамнунмиз. 
Ижодкор ўқувчининг онаси сифатида танловнинг барча ғолибларини самимий қутлайман.

Зайнаб ЯХШИБОЕВА.