ҲАЛОЛ МЕҲНАТ – БАРАКАЛИ ДАРОМАД

Жамшид Аъзамов давлатдан 7 фоизлик кредит олиб иш бошлади. Томорқасида мўъжазгина иссиқхона қуришдан аввал бу ишнинг сир-асрорини яхши биладиган уста деҳқонларнинг маслаҳатларини олди, ишларини кузатди. Февраль ойида ер  тахтлаб помидор экди. Бу ишни ота-онаси қўллаб-қувватлашган бўлса, синглиси Дилдора Аъзамова ва турмуш ўртоғи Гуландом Мирзаевалар енг шимариб ёрдамга киришиб кетишди.
 - Ота уйимда ҳам томорқадан унумли фойдаланар эдик,-дейди 4-умумий ўрта таълим мактабининг география фани ўқитувиси Гуландом Мирзаева.- Турмуш ўртоғим иссиқхона ташкил этишни режалаштираётганини эшитганимда бундан жуда қувондим. Чунки, бу ҳалол меҳнат яхши даромад келтириши, рўзғоримизга қут-барака энишини мен ҳам истайман.
Шейхлар МФЙда истиқомат қилувчи бу меҳнатсевар оиланинг ҳар бир куни янада мароқли кеча бошлади. Помидор кўчатлари бўй чўзиб, ҳосил нишоналарини кўрсатгани сайин уларнинг ғайратига ғайрат қўшилди. Натижада эртапишар помидор ҳосилидан мўлжалдаги даромад олинди. Қолаверса, хонадоннинг дастурхони ўз меҳнатлари билан етиштирилган маҳсулот билан тўкин бўлди.
 Айни кунда оила аъзолари ғарқ пишаётган ҳосилни йиғиб олиш, томорқадаги очиқ майдонлардан ҳам унумли фойдаланиш билан бирга галдаги ишларнинг ҳам аниқ режасини тузишмоқда. Улар кузга яқин иссиқхонана навбатдаги мавсум экинларини экиб, парваришлашга киришадилар. 
 Биз эса уларга “Ҳалол меҳнатингиз баракали даромад келтирсин!”-деймиз!

Гулбаҳор ОЧИЛОВА.