Кўзим қароғидасан жоним Ватаним!

Не-не туфонлардан омон ўтиб, ўзимиз ва ўзлигимиз, миллий анъана ва қадриятларимизни англаш имконини берган неъмат Мустақилликдир! У энг аввало беқиёс тарихимиз ва маънавиятимиз,  ҳақ-ҳуқуқ ва қадр-қимматимизни қайтариб берди. 
     Ватан минг таъриф, тасаннога лойиқдир. Кўз олдингизга келтиринг! Баҳорда майин еллари билан юзларингизни силаб-сийпалаб эркалайдиган, гул-чечаклари билан мусаффоликни вужудингизга сингдирадиган, ёзда қуёш ҳароратини олиб шарбат энган, ширин неъматлари билан сийлайдиган шу Ўзбекистондир. Унинг табиатини қаранг.  Кечагина ҳароратдан беҳаловат бўлган эдик. Дарҳол салқин шабададан этимиз жунжикади. Кузи ва қишининг ҳам ёқимли хислатлари кўп. Ва биз уни соғинч билан қарши оламиз.
   Яқинда бир китобни ўқиб қолдим. Бу дилимизга яқин инсон, шеър бойлиги ва борлиғига айланган ижодкор Омоной Раббимованинг “Бўзтўрғай” деб номланган шеърий мажмуаси эди.Табиат, муҳаббат, соғинч туйғулари билан бирга Ватан деб аталмиш муқаддас масканга ҳам ажиб сатрлар битилган.
   Айниқса юрт узра кезаётган мустақиллик шодиёналарга жўр бўлган шоира билан Ватан ҳақида куйлагимиз келади.
             Мустақиллик муборак, жоним Ватаним,
             Сенга ҳадя бу юрак, жоним ва таним.
             Истиқлолинг йўлида меҳрим топганим,
             Сени сергак сақлай, шоним Ватаним...
    Шоира ёдимизга солганидек унинг меҳридан баҳра олиш баробарида сергаклик, ҳушёрлик ва муҳаббатимиз изҳори билан асраб-авайлашимиз зарур. Чунки бу юртга ҳавасмандлар кун сайин ошиб бораётганлигини илғагандек эслатади бизга.
  Бу жаннатмакон заминда неча-неча аждодларимиз яшаб ўтмади. Улар юртнинг ҳар қаричини қадрлашган ва биз авлодларга мерос қилиб қолдиришган. Дунё тан олган саркарда Амир Темур, бутун борлиқни қалам кучи ила забт этган Мир Алишер Навоий, тиб илмининг асосчиси Абу Али Ибн Сино, океан ортини илк бора кашф этган Абу Райҳон Беруний, буюк математик Ал-Хоразмийдек алломаларни камолга еткизган Ўзбекистон заррин тупроғи!
Маърифат-ла тўлдиргин кўзим зиёга,
Меҳнатим-ла кўз-кўзлай сени дунёга.
Қалбим тўлқини ўхшар тошқин дарёга,
Беминнат ҳар кунги ноним, Ватаним,
 дея Ватанга таъриф берилган.
    Албатта Ватан беминнат нон. У ҳар бир фарзандини асрагани каби биз ҳам уни кўз-қароғимиздек асрашимиз, унинг нуфузини дунёга ўз меҳнатимиз ва эришган ютуқларимиз билан танитишимиз керак.

Матлуба РАББИМОВА