ЭНГ МУҲИМ МЕЗОН СЎЗ ВА ИШ БИРЛИГИДИР


"Иштихон овози" анкетаси


1.Сайлов округингизда 2021 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми? 

2.Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов     округида МФЙ ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

3.Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг?


1.2019-йилда Иштихон туман 26-Халқобод сайлов округидан Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати этиб сайландим. 35000 га яқин аҳоли яшайдиган округ ҳудуди 13 та МФЙ, яъни 60 га яқин қишлоқни ўз ичига олади.Ўтган бир ярим йил мобайнида сайловчилар билан тез-тез мулоқот қилиб, ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий жараёнларни кенг халқ оммасига етказиш, халқнинг яшаш тарзини яхшилаш, уларнинг муаммоларини ваколатим доирасида ҳал қилишга ҳаракат қилиб келмоқдаман.

Амалдаги йилда  мазкур ҳудудда бир қанча лойиҳалар режалаштирилган бўлиб, уларни амалга ошириш бўйича амалий ишлар давом этмоқда.


Хусусан, Тойтуёқ МФЙ ҳудудидаги Хўжақўрғон  қишлоғи "Обод қишлоқ" дастури асосида ободонлаштирилмоқда. Вилоят ҳудудий электр тармоқлари акциядорлик компанияси томонидан туманда  жами 30 та қишлоқда тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш бўйича дастур ишлаб чиқилди. Шундан   26-Халқобод сайлов округига қарашли Баҳрин, Дўстлик, Тойтуёқ, Шейхларкент, Қорақишлоқ МФЙ ларга қарашли айрим қишлоқларда электр тармоқларини реконструкция қилиш ҳам режага  киритилган эди. Шундан, Дўстлик, Қорақишлоқ МФЙлардаги  ишлар якунига етди. Баҳринда реконструкция ишлари  давом этмоқда. Қолган ҳудудларда ҳам йил якунига қадар электр тармоқларидаги  носозликлар бартараф этилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, туман ҳудудидаги 40 дан зиёд ички йўллар таъмирлаш  дастурга киритилган. Ҳозирда аксарият қишлоқларда асфальт ва тош ётқизиш   ишлари амалга оширилди. Шунингдек, Сафохўжа МФЙ да янги маҳалла биноси қуриб, фойдаланишга топширилди. Кўтарма МФЙ ҳудудида 2019 йилда қурилган 2 та 4 қаватли намунавий лойиҳа асосида қурилган уй-жойлар учун тозалаш сув иншооти (канализация) қурилди. Баҳрин МФЙда 16-МТМ биноси қурилиши давом этмоқда. Шейхларкент МФЙ ҳудудида 2020 йилда қурилган 2 та 4 қаватли 48 хонадонли намунавий лойиҳа асосида  қурилган уй-жой учун  ичимлик суви иншооти қурилди.

2.Ўтган  давр мобайнида депутат сифатида ҳудудни яхши ўрганиш ва аҳоли ҳаёти билан яқинроқ танишишга ҳаракат қилдим. Таъкидлаш лозимки, бу ерда аҳолининг асосий машғулоти   деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачиликдир. Ҳудуд таркибида ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва тадбиркорлик субъектлари  кам бўлгани боис   ишсизлик муаммоси мавжуд. Ички йўлларнинг асосий қисми таъмирга муҳтож.

Йилнинг ўтган даври мобайнида бир қанча сайёр қабул, учрашув, назорат-   текшируви, тушунтириш-тарғибот ишлари олиб бордим. Карантин қоидаларига амал қилган ҳолда асосан аҳолининг кам таъминланган ва камбағал қатлами билан иш олиб боришга ҳаракат қилаяпман. 16-январь куни тумандаги 21-мусиқа ва санъат мактабида тарғибот гуруҳи аъзолари иштирокида  аҳоли билан учрашув ўтказдик. Унда асосан, Президентимиз Мурожаатномасининг мазмун-моҳиятини      тарғиб қилдик. 

Шу ойда туман ҳокимиятида бўлиб ўтган Таълим дастури лойиҳаси муҳокамасида иштирок этиб, дастурдан кутилаётган ислоҳотлар тўғрисида йиғилиш иштирокчиларига тушунча бердим.

Чағатой МФЙ 45-мактаб биносида ўтказилган  сайёр қабулда 200 дан зиёд сайловчилар билан учрашиб уларнинг  муаммоларини тингладик ва уларни ҳал этиш бўйича ишлар давом этмоқда. Айрим масалалар бўйича депутатлик сўрови амалга оширилди. Бундай қабуллар Баҳрин, Шейхларкент  МФЙларида ҳам ташкил этилди.

Шунингдек, Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши топшириғига асосан  ҳудудда жойлашган хусусий клиникалар фаолияти ўрганилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан Кенгашга ҳисоботлар   тақдим   этилди.     "Уйма-уй "лойиҳаси доирасида  Шейхларкент, Баҳрин, Кўтарма, Қорақишлоқ МФЙларида истиқомад қилаётган  аҳоли муаммоларини ўргандик. Хусусан, "Темир дафтар" га киритилган оилалар шароити  билан танишиб, муаммолар ечими бўйича бир қанча ишлар амалга оширилди. Хусусан, 10 нафар ижтимоий кўмакка муҳтож оила рўйхати шакллантирилди ва март ойида вилоят ҳокимлиги томонидан ажратилган маблағ асосида  уларга   камбағалликдан чиқиш учун асбоб-ускуналар тарқатилди. 

Апрель ойида Халқобод МФЙ ҳудудида Оналар куни муносабати билан "Оила мустаҳкамлигида қайноналарнинг ўрни ва роли" мавзусида тадбир ташкил этилди. Унда иштирок этган 300 га яқин онахонлар билан бугунги кунда жамиятда хотин-қизлар ролини ошириш     борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан мулоқотда бўлдик.

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши топшириғи билан умумий ўрта таълим мактаблари фаолиятини ўргандим. Туман Кенгаши депутатлари билан ҳамкорликда 3, 17, 23, 26-умумтаълим мактабларида бўлиб, таълим-тарбия иши сифат ва самарадорлигини таъминлаш   жараёнида кузатилган камчиликлар бўйича тегишли тавсиялар бердик.

3.Охирги депутатлик сўровим     Иштихон туман электр тармоқлари бўлимига  Халқобод МФЙ Янгиравот қишлоғидаги яроқсиз аҳволга келиб қолган симёғочларни алмаштириш ва маҳалла ҳудудидан ўтган юқори кучланишли   симёғочларни алмаштириш ҳақида йўлланди. Ушбу сўровга туман электр  тармоқлари бўлими вилоят бошқармаси ёрдамида ижобий жавоб берди. Натижада икки ҳудудда ҳам симёғочлар алмаштирилди  ва аҳолининг талаби    тўла қондирилди.

Таъкидлаш лозимки, депутатлик   фаолиятида сўз ва иш бирлиги жуда  муҳим аҳамиятга эга. Агар  биз кузатилган ҳар бир ҳолат бўйича тегишли хулосага келиб, мамлакатимизда қабул қилинаётган қонун ва қарорларнинг    айнан ана шу ҳолатлар билан мутаносиб келишини таъминлай олсак, барча    муаммолар ўз ечимини топади.


Феруза ТОҒАЕВА,

26-Халқобод сайлов округидан 

Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутати.