РИВОЯТ ВА ҲАҚИҚАТ

Иштихон шаҳри ҳақидаги мана бу ривоят асрлар оша тилдан тилга ўтади:

Қадимда бу ҳудудда икки хонлик бўлиб, беҳисоб ери, мол ва қўй-қўзилари бор экан. Айтишларича, улар бойлик борасида кўп баҳслашишган. Охири бир-бирига шундай шарт қўйишган. "Кимки   дарёнинг нариги қирғоғида туриб бу томонга қувурларда сут оқизса, уни эл-улус кўрса, хон ичса  ўша  чин бой ҳисобланади." Шунда хонлар ҳаракатга тушадилар. Эл гувоҳликка шошилади. Орадан вақт ўтиб шарт бажарилади. Сутни кўрган халойиқ: "Ичди хон, ичди хон!"- дея қичқирадилар. Ер-у осмон ларзага келади. Сўнгра яна "Чиндан бой экан!" деган ҳайқириқ жаранглайди. Кексаларимиз Иштихон ва унга туташиб кетган Чинбой ҳудудлари номланишини шу ривоятга ҳам боғлайдилар. Энг муҳими ривоят бу юрт азал-азалдан замини унумдор, одамлари мард ва тантилигидан далолатдир.

Иштихон  шаҳристонидаги  қазув ишлари пайтида сопол суякдан  (тобут- оссуарий) чиққанлиги қадимги авлод-аждодларимиз маданиятининг юксаклигидан, бу ерда цивилизация   қадимдан ривожланганлигидан далолат беради. Марҳумлар жасадини махсус сопол тобутлаарга солиб дафн қилиш эрамиздан аваалги V-IV асрларда, юнонлар бостириб келмасдан бир неча аср  илгарироқ расм бўлган. Ана шунинг ўзи  “Цивилизация ғарбдан бошланган” деган даъволарни рад этади.

Иштихон жаҳоннинг энг қадимги шаҳарларидан бўлиб,  кейинчалик Суғдиёна таркибига кирган, Буюк Ипак йўли устида жойлашган, Самарқанд араблар томонидан босиб олингач, (VIII аср)  Суғд ихшидлари  бу ерга келиб, уни пойтахт қилганлар ва шу ердан босқинчиларга қарши кураш олиб борилган. Шунинг учун ҳам  бу ер дастлаб   "ихшидлар", кейинчалик "Ихшидхон" деб аталган бўлиши мумкин деган фикрлар ҳам юради. "Иштихон" сўзи эса "Ихшидхон" деган сўзнинг бузилган шаклидир.

Суғдиёна тарихи билан қизиқувчи рус олими И.О.Смирнова   ўзининг "Суғд тарихидан  очерклар" китобида "Иштихон" сўзини қадимги  суғд тилида  "саккиз ариқ","саккиз канал" деб талқин қилади.  Яъни "Ишт" сўзи "ашт" сўзининг , "хон" эса "хонкан" (ариқ) сўзининг бузилган шакли ҳам дейилади.

Ўрта аср манбаларида, жумладан, Ибн Арабшоҳ, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Давлатшоҳ Самарқандий  асарларида "Иштихон" ҳақида ҳеч қандай маълумот учрамайди. Чунки бу даврда Иштихоннинг мавқеи йўқолган, ўзаро урушлар гирдобида вайрон бўлган эди. ХIХ асрга келиб унинг ўрнида кичкина  қишлоқ қолди, холос.

Оқпошшо Туркистон ерларини босиб олар экан, Зарафшоннинг икки ирмоғи ўртасидаги  Миёнқол воҳасини  қўлга киритишга зўр бериб  уринган эди. Чунки бу қадимий жой  суғориш тармоқлари юқори, ерлари унумдор,  боғ ва экин далалари ниҳоятда маъмур маскан эди.

Октябрь инқилобидан кейинги тарих  сиз ва бизни вояга етказган ота-боболаримиз тарихидир. Очил қўрбоши, Мамараҳим, Қорақулбек, Рўзигул Бойниёзова, Муҳир Ҳайдарова, Чиннигул Жўраевалар синфий курашларда тобланган инсонлар бўлган. Иккинчи жаҳон урушининг энг қизғин палласида Иштихон   туманининг ташкил этилиши Миёнқол деҳқонлари учун муҳим воқеа бўлди. Аниқроғи, 1943 йилнинг 18 майида Иштихон туманини ташкил этиш тўғрисида фармон қабул қилинди. Ўша вақтда 11 та қишлоқ Кенгаши,42 хўжалик киритилди.

Иккинчи жаҳон уруши иштихонликлар ҳаётида ҳам унутилмас жасоратларга бой йиллар бўлди. Собиқ Митан тумани (Иштихон таркибида) аҳолиси шахсий жамғармаларига танк сотиб олиб Сталинград фронтига йўллаганлиги  юртга садоқат намунаси эди. Бу шижоат учун  ёшлар етакчиси Робия Холназарова номига миннатдорчилик мактуби келган. Рўзигул Шодиева ҳам шундай эътиборга мушарраф бўлган. Туман тарихи шундай узоқ бошланади. Уни ҳар қанча ўргансак арзигуликдир. Бу ҳақида газета саҳифаларида мақолалар эълон қилиб борамиз.


Гулчеҳра УСМОНОВА.

@ishtixonovozi