ЛИДЕР ҚИЗЛАР: ИНСОН ЖАМИЯТДА ЎЗ ЎРНИНИ ТОПИШИ ЛОЗИМ

   Маълумки, шу йил 16 апрель куни Президентимиз Самарқанд вилоятига ташриф буюрди. Юртбошимиз ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишар экан, вилоят ёшларининг орзу-интилишлари билан ҳам қизиқди. Видеомулоқот орқали бўлган суҳбат чоғида туманимизнинг фаол ёшларидан бири, Самарқанд Давлат университети талабаси Хуршида Ортиқова жамиятда хотин-қизлар фаоллигини ошириш, айниқса лидер қизларнинг етакчилик қобилиятини ривожлантириш юзасидан ўз таклифларини баён этганида унинг бу фикрларини маъқуллаган ҳолда масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Айни     пайтда туманимизда Хуршида Ортиқова ва унинг бир гуруҳ сафдошлари жамоаси самарали иш олиб боришмоқда. Жамоа  аъзоларидан бир гуруҳи билан бўлган суҳбат айнан мана шу мавзуда кечди.Суҳбатда  туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича  маслаҳатчиси Н.Явқочева, "Лидер қизлар" жамоаси аъзолари Х.Раҳмонова, А.Каримова, М.Келдибоева,  Х.Жўраевалар иштирок этишди.


Мухбир: - Инсон     дунёга келар экан, унинг жамиятда ўз ўрнини топиши учун барча сифатларни тарбияловчи макон  аввало,оила саналади. Шу билан бир вақтда атроф-муҳит, жамоатчиликнинг таъсирини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Президентимиз билан бўлган суҳбат жараёнида янгича фикрлайдиган, ўз мақсадига эга, масъулиятни ҳис этадиган қизларнинг жамиятдаги фаол иштирокини таъминлаш кун тартибидаги асосий вазифалардан бири эканлиги таъкидланди. Бунга жавобан туманимизда "Лидер қизлар жамоаси" ташкил этилганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда ўқидик. Мақсадимиз ушбу жамоа аъзоларининг интилишлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишдир.


 Н.Явқочева: -Аввало, "лидер" атамасига изоҳ бериб ўтсак. Бу атама "етакчи, жамоани ўз ортидан эргаштирувчи" демакдир. Дарҳақиқат, бу жамоа аъзолари нафақат бугун, балки аввалдан ҳам ўқишда, жамоат ишларида доимо фаол бўлиб келишганини таъкидлашни истардим. Шунинг учун ҳам уларни бир жамоада бирлаштириш унчалик қийин  кечмади. Жамоада ҳозир суҳбатимизда қатнашаётган қизлардан   ташқари юртимизнинг фахри бўлган, бокс бўйича жаҳон чемпиони, "Шуҳрат" медали ҳамда "Таҳсин" мукофоти соҳибаси Нигина Ўктамова, айнан хотин-қизлар мавзуидаги илмий ишлари билан МДҲ давлатлари ўртасидаги танловда "Энг ёш олима" номига сазовор бўлган Моҳинур Рўзиева, тадбиркорликда катта ютуқларга эришган Шоҳсанам Содиқова каби сингилларимизнинг ҳам бор эканлигини эътироф этадиган бўлсак, етакчиларимиз юртимиздаги ҳар бир оилага чуқур кириб боришига ишончимиз ортади. Чунки, аввало улар эришаётган ютуқларнинг ўзи шахсий ибратдир. Қолаверса, жамоанинг ҳар бир аъзоси ўз олдига аниқ мақсадлар қўйган ҳолда дадил олға интилаётган ёшлар. Қувонарлиси шундаки, қисқа вақт ичида жамоага қўшилиш, биргаликда ҳаракат қилиш истагини билдираётган қизларимиз сафи ортиб бораётир.

Х.Раҳмонова: - Ўтган йили 1 март куни Тошкент шаҳрида мамлакатимизда илк бор "Республика лидер қизлар фестивали" бўлиб ўтган эди. Унда ҳар томонлама етук бўлган тенгдошларимиз адабиёт, спорт, санъат, маданият, таълим каби йўналишлар бўйича ўз маҳоратларини намоён этишди. Ўшанда уларнинг фикларини тинглаб жуда ҳавас қилганман.Чиндан ҳам юртимизда биз ёшлар учун қанчадан-қанча ғамхўрликлар кўрсатилаётган бир пайтда нега фаоллигимиз, шахсий ибратимиз ва тенгдошларимизни ҳам бир мақсад йўлида бирлаштиришимиз билан жавоб бермаслигимиз керак?


Яқинда клуб аъзоларининг уч кунлик ўқуви бўлиб ўтди. Унда лидер қизлар фаолиятини ташкил этиш бўйича жуда кўп қимматли фикрлар ўртага ташланди. Бу фикрлар ичида менинг эътиборимни тортгани жамиятнинг энг қуйи поғонасида бўлган қизлар билан индивидуал иш олиб бориш ҳақидаги фикр бўлди.   Чунки, олдимизга қўйилаётган мақсадларга оммавий тарзда, юзаки ёки ҳисобот учун ишлаш билан эришиб бўлмайди. Тасаввур этинг, 50 нафар лидер қизларнинг ҳар бири лоақал бир ёки иккита оиладаги уюшмаган ёшларни лоқайдлик, ишсизлик ва жамиятдан  йироқлашиш ҳолатидан олиб чиқа билса, юз нафарга яқин тенгдошимизнинг ҳаётида ўзгариш юз беради. Бу фаолиятни фақат бир ёки икки йўналишда эмас, ҳамма жабҳаларда илгари суришимиз лозим. Чунки, ёшларнинг сони қанча бўлса, уларнинг қизиқиши ҳам шунчалик турфа хил эканлигини унутмаслигимиз лозим. Кимдир   тикиш-бичишга қизиқади, бошқа биров спортни севади, орамизда тадбиркорлик, ҳунармандчиликка ҳавас қилувчилар, адабиёт, санъат ихлосмандлари ҳам кам эмас.Аслида ҳар бир йўналишнинг ўзи бир оиланинг келажагини таъминлайди. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда биз ишни оилалар, мактабгача таълим муассасалари, мактаблар билан мустаҳкам алоқа боғлашдан бошлашни режалаштирдик. Ҳаракатларимиз самарали бўлиши учун эса тумандаги барча корхона ва ташкилотлар, масъуллар билан ҳамкорликда ишлаш ниятидамиз.


А.Каримова:-Бу фикрга мен ҳам қўшиламан. Маълумки, хотин-қизларга таъриф берилганида кўпинча "Ўн бармоғида ўнта ҳунари бўлса, рўзғорига барака энади " деган атама қўлланилади. Бу   бежиз эмас, албатта. Чунки, оилада аёлнинг       масъулияти катта. У маълум бир касб эгаси бўлиши билан бирга албатта, пазанда, чевар, ораста, маҳоратли бўлиши талаб қилинади. Ҳаётимиз фаровонлашгани сайин бу талаблар ҳам ортиб бораётгани айни ҳақиқат. Буларнинг барчасини уддалаш маҳоратини бирданига ёки қисқа муддатда ўзлаштириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам қиз болани гўдаклигиданоқ оилага тайёрлаш лозим дейдилар. Баъзан оилада "йўқдан бор қилиш", оддий нарсалардан гўзаллик яратишга тўғри келади. Бунинг учун эса миллий ҳунармандчилик, анъана ва қадриятларни ўзлаштириш лозим. Мен  "Баркамол авлод" болалар мактабида бадиий санъат йўналишида иш олиб бораман. Мактабимизда юқорида эътироф этилган барча касблар бўйича тўгараклар мавжуд. Умумтаълим мактабларига бориб, ўқувчилар билан суҳбатлашганда уларнинг ўқиш, ўрганишга бўлган иштиёқи жуда баланд эканининг  гувоҳи бўлганман. Лекин кўпгина ота-оналар ана шу иштиёққа эътиборсиз. Бугун ушбу тўгаракларда ўзлаштирилган илк кўникмалар эртага фарзандининг порлоқ келажагига йўл очиши мумкин эканлиги ҳақида баъзан ўйлаб ҳам кўришмайди. Айни пайтда мен олтмишга яқин ўқувчилар билан ишлайман. Улар инсон оддий қўл меҳнати билан мўъжиза яратиши мумкин эканини кўриб машғулотларга астойдил киришадилар. "Лидер қизлар" жамоаси аъзоси сифатида ана шундай ёшларни ўз атрофимга бирлаштириш, уларга нафақат нафис санъат, балки экодизайнерлик йўналиши бўйича ҳам билим бериш, шу йўл билан шогирдларим қалбида табиатдаги мўъжизаларни чуқур англаб етиши, ҳатто кераксизга айланган ўсимлик ва дарахт шохларидан ҳам қимматли совғалар тайёрлаш усулларини ўргатиш ниятидаман.


Х.Жўраева:- Мен кичик дўстларим, тенгдошларим қалбида адабиётга муҳаббат уйғотишни истайман. Китобни севиш, бадиий асарларни мутолаа қилиш инсон  маънавиятини шакллантиришда энг муҳим ўрин тутади.

Сир эмас, суҳбатларда кейинги йилларда ёшлар маънавиятининг саёзлашиб бораётгани, таълим олиш, касб-ҳунар ўрганиш, ўз олдига аниқ мақсадлар қўйган ҳолда ҳаракат қилиш ўрнига ота-онасига боқиманда бўлиб яшашга одатланиш, натижада ёш оилаларда ажримларнинг ортиши каби ҳолатлар кузатилаётгани кўп тилга олинади. Ижтимоий тармоқларда "Тik-tok"чилар томонидан турли ноўрин, бачкана чиқишлар кўпайгани ҳам айнан салбий фикрларга сабаб бўлаётир. Буларнинг барчасига сабаб - маънавиятсизлик деб ҳисоблайман. Бундай иллатларга барҳам беришнинг калити эса -китобдир.

Кейинги йилларда "Ёш китобхон" танловининг ташкил этилиши кўплаб тенгдошларим қатори    менинг дунёқарашимда ҳам катта ўзгаришларга  сабаб бўлди. Ушбу танловнинг туман ва вилоят босқичларида муваффақиятли иштирок этдим. Бунинг учун эса кўплаб бадиий асарларни қунт билан ўқидим. Натижада китоб менинг энг яқин дўстимга айланди.Очиғини айтсам, китоб туфайли жуда кўп нарсалар, воқеа-ҳодисаларнинг асл моҳиятини янада чуқурроқ тушунадиган бўлдим. Жамиятдаги барча иллатларнинг бошида билимсизлик ётади. Билимли инсон ҳеч қачон хато йўлларга кирмайди, ҳар қандай шароитда ўз-ўзини банд қила олади, имкониятлардан ўринли фойдалана билади.


М.Келдибоева: - Чиндан ҳам барча иллатларнинг дояси билимсизликдир. Билимга иштиёқ    уйғотиш эса ота-оналар қўлида, деб ўйлайман. Фақат баъзи бировларнинг хатти-ҳаракатига қараб, барча ёшларга салбий баҳо бериш тўғри эмас, менимча. Кейинги йилларда жамиятда юз бераётган ўзгаришлар, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг моҳиятини англаган ҳолда билим олиш, касб-ҳунар эгаллашга астойдил интилаётган замондошларимиз сони кун   сайин ортиб бораётир. Агар эътибор берган бўлсангиз, мактабдаги дарслардан сўнг   бўш     вақтини фойдали машғулотларга сарфлаётган, турли фан тўгаракларида ўз билимини ошираётган ўқувчиларни ҳар қадамда учатиш мумкин. Лекин бу таълим муассасаларидаги давоматга салбий таъсир ўтказаётгани ҳам бор гап. Мен мана шу ҳақда кўп ўйлайман. Агар умумтаълим мактабларидаги дарслар ҳамда қўшимча фан тўгараклари фаолияти самарали ташкил этилса, ёшларнинг бошқа ўқув марказларига эҳтиёжи қолмайди. Бу эса ҳам ўсмир ёшларнинг оила бағрида бўлишини таъминлайди, ҳам оила иқтисодини тежайди.  Шунинг учун ҳам юртимизда ўқитувчилар таркибини сифат жиҳатидан юксалтириш, уларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш долзарб масала саналмоқда.


Бу борада ҳам ёш мутахассислар асосий ташаббускор бўлишларини истардим. Мен ўзим кўпгина кўрик-танловларда фан йўналиши бўйича фаол қатнашиб, яхши натижаларга эришдим. Айни     пайтда олийгоҳнинг кириш имтиҳонларига тайёргарлик кўраяпман. Ниятим етук мутахассис бўлиб, айнан педагоглар олдига қўйилаётган талабларга лаббай деб жавоб беришдир. Келажакда ҳар йили камида 30 нафар билимга чанқоқ ёшларга бепул билим бериш, уларни олийгоҳларнинг кириш имтиҳонларига тайёрлашда амалий ёрдам кўрсатишни ўз олдимга мақсад қилиб олганман. Агар биз ҳар биримиз мана шу тарзда иш олиб борсак, жуда яхши натижаларга эришишимиз мумкин.

Суҳбатни тинглар эканмиз, етакчи қизларнинг ҳар бири ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган ҳолда бир жамоага бирлашганини  англадик. Эркин ва янгича фикрлайдиган, мустақил нуқтаи назарга эга, ташаббускор, топқир ва қатъиятли ёшлар эса ҳар қандай шароитда жамиятимизнинг таянчи бўла оладилар.  Қизлардаги ўзи ва бошқаларнинг фаолиятини мақсадга мувофиқ тарзда бошқара билиш кўникмаси  эса жамоани муваффақиятлар сари етаклашига ишонамиз!


Суҳбатни журналист 

Муқаддам ҲАЙИТОВА ёзиб олди. 


✅@ishtixonovozi