ОНА ТАБИАТ НИДОСИНИ ТИНГЛАНГ!

Мана неча йиллардирки Орол денгизининг ҳалокатга юз тутиши инсониятни турли муаммолар гирдобига тортаётир. Денгиздаги сувнинг қуриб бориши   туфайли туз ва қум бўронлари нафақат она табиат, балки инсонлар ҳаётига ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Сиз нима деб ўйлайсиз, Орол денгизи нега бу аҳволга тушди, бунинг сабабчиси ким?


Бу саволга бир сўз билан албатта инсоният деб жавоб бериш мумкин. Йиллар давомида табиий бойликлардан нотўғри фойдаланиш, табиатга керагидан ортиқ талаблар қўйиш, келажакни ўйламасдан иш тутиш мана шундай аянчли оқибатларга олиб келди. Бу шунчаки эртак эмас, Орол билан боғлиқ оғир оқибатлар сиз-у бизнинг кўз олдимизда бор бўй-басти билан намоён бўлиб турибди ва бу биз учун унутилмас сабоқ бўлиши керак. 

Афсуски, фақат Орол денгизи борасида эмас, балки табиат билан бўладиган барча муносабатларда ҳам биз адолат тарозисига қарашни унутаётирмиз. Келинг, ушбу фикримиз исботи тариқасида ён-атрофимизда кузатилаётган ҳолатларни бир таҳлил этайлик. Бундан ўттиз-қирқ йиллар муқаддам ариқлар тўлиб сувлар оқарди. Куз-қиш мавсуми бошланиши билан ҳар бир қишлоқ ва ҳудуддаги ариқ-зовурлар тозаланар, оқар сувга чиқинди ташлаш гуноҳ  ҳисобланар эди. Бугун-чи? Очиғини айтсам, бугунги кунда нафақат далалар бошида, ҳатто дарёларга яқин ҳудудларда ҳам каттароқ ариқни топиш қийин.  Борлари ҳам жуда саёз, соҳиллари ахлатга тўлиб кетган. Аҳоли пунктларидан оқиб ўтадиган сой бўйларига одамлар молхона, ҳатто ҳожатхоналар қуриб, оқава сувларни тўғридан-тўғри ушбу каналларга оқизиб кўйганини кўриб ғазабинг тошади.


Дов-дарахт, экология ва атроф-муҳитга бўлган муносабатимиз эса бундан ҳам ачинарли аҳволда. Бир вақтлар қишлоқлар чиройига чирой қўшиб ўсиб ётадиган тут, кўктерак, тол ва бошқа кўплаб дарахтлар аллақачон ўтин учун кесиб кетилган. Уларнинг ўрнига янги кўчатлар экиш ҳеч кимнинг  хаёлига ҳам келмаяпти. Бунинг натижасида ипак қурти учун озуқа танқис, шаҳар ва шаҳарчалар тугул қишлоқда ҳам биронта соясида салқинлаш   мумкин бўлган боғ йўқ. 

Яқинда матбуотда бир яхши анъана ҳақида ўқиб қолдим: "Меваларни истеъмол қилганингизда уруғларини ташлаб юборманг, қуритиб сумкага солинг ва машинангизда олиб юринг. Йўлингиз тушиб шаҳар четига чиққанда далалардан ўтаётганда тўхтаб, уларни дарахтлар бўлмаган жойларга сепиб кетинг. Унинг ўсиб дарахт бўлиб кетишига ғам егувчи Зот бор ва қолаверса, буни табиатга қўйиб беринг!"- дейилади мақолади. Эътироф этилишича, Таиланд ва Малайзия каби  Осиё мамлакатларида узоқ йиллардан буён ушбу усул  билан шуғулланиб келишади. Бунинг натижасида ушбу мамлакатларда       мевалар мўл экан.

Ахир, табиатда ҳар бир нарсанинг ўз ўрни бор, бу эса табиатнинг мувозанатини таъминлайди. Ушбу мувозанат бузилар экан, унинг таъсири барча жабҳаларда яққол сезилади. Энг ачинарлиси,  бу аввало, инсоният учун хавфлидир.

Ана шулар ҳақида ўйлаганимда дарахтга чиқиб, ўзи ўтирган шохни арралаётган одам кўз олдимга келади. Бу ишни иштиёқ билан бажараётган одам гуркираб ўсиб турган дарахтнинг нидосини эшитмайди, албатта.       Аянчли жиҳати шундаки, у саноқли дақиқалардан сўнг ушбу шох билан бирга ўзи ҳам пастга қулаши муқаррар эканини жуда кеч, яъни сўнгги лаҳзалардагина билади. Келинг, биз ҳам унинг ҳолига тушмаслик учун кўзимизни каттароқ очайлик, табиатнинг нидосига қулоқ тутайлик. Йўқса, сўнгги пушаймоннинг бадали оғир бўлади. 


Қаҳрамон НАМОЗОВ,

меҳнат фахрийси.

✅@ishtixonovozi