БОЛАЛАР ҲУҚУҚИ: МУАММО ВА ЕЧИМ


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 сентябрдаги  “Аҳолига ҳуқуқий ахборотни етказиш ва юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида   Мадад-муассаса шаклидаги нодавлат-нотижорат ташкилоти (кейинги ўринларда-“Мадад” муассасаси) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бўлинмалари, туман (шаҳар)ларда уларнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари ташкил этилди. Жумладан, туманимизда ҳам ҳуқуқий маслаҳат бюроси ҳам амалдаги йилнинг 9 март кунидан бошлаб ўз иш фаолиятини бошлади. Маслаҳат бюросига келиб тушаётган мурожаатлар ичида  болалар нафақаси (икки ёшлик, ўн тўрт ёшлик нафақалар)тайинлаш ва тўлаш масаласи кўп учрайди.

   Вояга етмаган болаларга нафақа тайинлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44- сонли қарорига асосан амалга оширилади. Қарорга кўра, бола учун нафақа тайинлаш ота-онасининг ойлик маоши, қўшимча даромадлари ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Аммо барча оилаларнинг ҳам ойлик маоши-ю, қўшимча даромади бир хилда етарли эмас. Айрим кўп фарзандли оилаларда ҳеч ойлик маош ва қўшимча даромад  етарли эмас.Ота-она болалар учун нафақа белгиланишини сўраб  маҳаллага мурожаат қилишга мажбур. МФЙ қошида ташкил этилган  комиссия аъзолари уларнинг томорқа ер майдони, қўшимча даромадларини ҳисобга олган ҳолда   нафақа тайинлайди. Агар  қонун талабларига тўғри келмаса, комиссиянинг рад этиш қарори белгиланади ва мурожаатга тегишли тартибда  жавоб берилади. 

 Аммо, болаларнинг еб ичиши, кийиниши, кунлик эҳтиёжи учун моддий даромад керак.Агар оилада янги туғилган чақолоқ бўлса, талаб янада ошиши табиий. 

 Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунида бола ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартиби ўз аксини топган. Қонунда бола ҳуқуқ ва эҳтиёжлари улар   ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар ота-она, агар улар ҳаёт бўлмаса фарзандликка олувчи шахслар ёки васийлик (14 ёшга қадар) ва ҳомийлик(14 ёшдан 18 ёшгача) тартибида таъминланиши кўзда тутилади. Шунингдек, алоҳида ғамхўрликка муҳтож болалар (ногирон, жисмоний ва (ёки) руҳий ривожланишида нуқсонлари бўлган)нинг ҳуқуқлари ҳам қонун ҳимоясидадир.

Қонунда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари алоҳида белгиланган. Унга кўра, давлат болаларни тарбиялаётган оилаларни қўллаб- қувватлашни кафолатлайди, шунингдек қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга ижтимоий ёрдам кўрсатилишини таъминлайди.

 Муаммо шундаки, кўп ҳолларда ота-онанинг даромади фарзандларнинг эҳтиёжини тўла қондиришга камлик қилади. Ишсиз ёки қўшимча даромади бўлмаган оилаларда эса вазият янада оғир. Шундай экан, болалар нафақаси барча болаларга берилиши масаласи яна бир бор ҳукуматимиз томонидан кўриб чиқилса ва амалга татбиқ этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шаънини қадр-қимматини камситилишига йўл қўймасликда “Мадад”ННТ ҳам ўз ҳиссасини қўшади.


 Н.ҚОДИРОВА,

Иштихон тумани “Мадад”ХМБ бош мутахассиси.