ТИЛ МИЛЛАТНИНГ ҒУРУРИ

Муборак ҳадиси шарифларда "Кишининг зеб-у зийнати, гўзаллиги унинг тилидадир" дейилади. Ўзбекистонни ватаним деб ардоқлаган ҳар бир инсон ўзбек тилига ҳам чексиз ҳурмат билан қарамоғи лозим.

Ўзбек тилининг ер юзидаги қадимий ва бой тиллардан эканлигини, унинг кўлами ва муҳташам сўз ҳазинаси, товушлар ранг- баранглиги, шунингдек мантиқий бойлиги қиёссиздир. 

Буюк аждодларимиз томонидан бу тилда яратилгани ақл ва бадиият дурдоналарининг башарият тамаддунига қўшган муаззам ҳиссаси бунинг исботидир. Шундай экан бу адоқсиз ифтихорни ҳар бир Ўзбекистонда яшовчи фуқаро ўз дилига жо айламоғи даркор.

Баъзи бир давлат ташкилотларида иш юритиш давлат тилида эмас, балки рус тилида олиб борилаётганилиги шубҳасиз. Бу ўз навбатида, давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг пасайишига олиб келади. 

Давлат ташкилотларида давлат тилида иш юритишни таъминламаганлик учун мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгилаш назарда тутилиб, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 42-моддаси иккинчи қисмига ўзгартиришлар, яъни, ушбу моддага: “Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”, деган тўлдириш киритилмоқда.

 Ўзбек тили ва ёзуви талабларига риоя этмаслик қонунбузарлик эмасдек ва ушбу талабларга риоя этмаган жисмоний ва юридик шахсларни жаримага тортиш адолатсизликдай кўриниши мумкин. Aммо ўсиб келаётган ёш авлоднинг ўз тили ва ёзувини яхши билиши, давлат тилига муҳаббат ва масъулият билан вояга етиши, ўзбек тилида иш юритиш кўникмасини яхши ўзлаштириши учун, аввало уларга ўзимиз ўрнак бўлишимиз ва амалда қўлланилаётган ёзишма ва ҳужжатларда ушбу қонун бандларининг бузилмаслигини таъминлашимиз керак.

 Ушбу Қонун давлат органлари, корхоналари ва ташкилотларида иш юритишнинг тўлиқ равишда давлат тилида амалга оширилиши, мансабдор шахсларнинг масъулияти ҳис этиши, муҳими, давлат тилининг ривожланишига хизмат қилади.

Сирожиддин Мирзаев,

Туман ҳокимининг маслаҳатчиси