ТЕКИННИНГ ҚАДРИ БЎЛМАС...

Яқинда “Иштихон овози” газетасининг телеграм ботига айни вақтда Иштихон шаҳрида яшаётган Г.Абдуҳалиловадан шикоят келиб тушди. 

    Масала шундай. У туман марказидаги Жўра Маҳмудов МФЙда 5 йилдан буён ижарада туриши, бир нафар 15 ёшли ўғли билан яшашини маълум қилган. Шикоятда карантин сабабли ижара пулини тўлай олмаётгани ва пул тўламаса уй соҳиби чиқариб юборишини, унга ҳеч қандай ёрдам бўлмаётганлигини баён этган. Кам таъминланган оилалар учун қурилаётган уйларга 4-5 йилдан буён ариза бериши ва ҳеч қандай натижа йўқлигини, жуда оғир аҳволда эканлигини ачинарли ҳолда таъкидланган. 

  Дилимизда ачиниш кечди ва кўрсатилган манзилга шошилдик.

  Биз муаммони Жўра Маҳмудов МФЙ мутахассиси иштирокида ўргандик. Суриштирув жараёнида у ишга жалб этилгани ва айни дамда 700 000 сўм ойлик маош олиши маълум бўлди. Ижара ҳақи эса 250 000 сўм. Бундан ташқари Г.Абдуҳалилова ҳафтада икки кун “Деҳқон бозори”да дон тижорати билан машғуллиги аниқланди. Ажабланарлиси, суриштирув жараёнида у айни дамда ижарада яшаб турган МФЙ дан ҳам, туғилиб ўсган қишлоғидан (Қорачада доимий рўйхатда туради) ҳам моддий ёрдам, озиқ-овқат маҳсулотлари олиб туришига ойдинлик киритилди. Соғлом ва бақувват бўлган бу аёл “Даромадингиз ўзингиз ва ўғлингизга етар экан, нега шикоят қилдингиз?” деган саволимизга 

 - Мен каби “ёлғиз оналарга” бошқа МФЙларда сигир, газ печи ва бошқа нарсалар берилаётганини эшитиб турибман. Майли, шу нарсаларнинг пулини беришса ҳам розиман! – дея жавоб берди. 

Ҳа, тан-жони соғ, ёнида кун сайин камолга ётаётган ўғилли онанинг гапини қаранг! Шундай вазиятда давлат идораларига шикоятлар ёзиб, ёрдам беришларини талаб қилаётганларга шукроналикни эслатиш жоиздир. Ўзи текинхўрликка ўргангани майли, тарбиялаётган фарзанди ҳам келажакда оиладаги носоғлом муҳитга ўрганиб қолмайдимикин? 

  Уй масаласида ҳам унга жавоб тайин. Орамизда ҳеч иш қўлидан келмаса-да тилидан шукроналик тушмайдиган, ногиронлиги бўлган, серфарзанд,эҳтиёжманд, ўзгалар ёрдамига муҳтож оилалар бор.Уларга эътибор, ғамхўрлик кўрсатиш бугун юртимизда энг асосий мақсадга айлангандир.

  Кўнглимиздан шундай савол кечди. Ойлик маош олаётган, тадбиркорлиги бўлган, ёрдам билан таъминланган шикоятчига бундан ортиқ яна қандай ёрдам кўрсатиш мумкин?

                                                Матлуба Раббимова.