Меҳнат билан файзли хонадон

Меҳнат билан машғул бўлган киши зерикиш нима эканлигини билмайди, вақтнинг қандай ўтганини илғамайди. Айниқса ҳозиргидек пандемиядан эҳтиёткорлик талаб этилаётган кунларда томорқада ишлаб, меҳнатидан завқланаётган кишиларни учратганингда уларнинг тадбиркорлигидан мамнун бўласан. Уйдан чиқмасдан ҳам мўмай даромад топиб, яшилликдан баҳра олишаётир.

  Тумандаги Сафахўжа МФЙ, Кўтара қишлоғидаги Ихтиёр Юнусов ва Матлуба Юнусовалар томорқасини кузатиб уларнинг ҳақиқий меҳнатининг шоҳиди бўласиз. Томорқаларида ўзлари учун ҳашаматли эмас оддийгина усулда иссиқхона қуришган. Бирорта бегона ўтни учратмайсиз. Қиш бўйи ҳаракатини қилиб жой ҳозирлашади, помидор кўчати етиштиришади.Ниҳолларни бозорга чиқариб сотишади, ўзларининг томорқаларига ҳам экишади. Айни вақтда очиқ майдонга эккан 40 минг тўп помидор қийғос гулга кирди, эртангилари эса қизариб ранг ола бошлади. Тез кунда пишиб тайёр бўлади.

 Фарзандлари ҳам жуда меҳнатсевар. Келдиёр, Шамшод, Сардор ва келини Маҳбубалар уларнинг энг яқин ёрдамчилари. Картошка, пиёз, сабзи, кўкатлар дейсизми ҳаммаси томорқаларида етиштирилади. Оила аъзолари уйда ўтириб вақтнинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланмоқда.

  Меҳнат билан хонадони файзли.Ораста ҳовли, ям-яшил томорқа кишига завқ бағишлайди. Ихтиёр Юнусовлар хонадонини Халқаро оила куни билан қутлаган ҳолда бу хонадондан ибрат олинг деймиз!


     Саломат Тойирова,

     Сафахўжа МФЙ раиси.