Ташаббуснинг ижроси муҳим

Туман ҳокимлиги фаоллар залида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Иштихон туман Кенгашининг навбатдаги IX пленуми бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Самарқанд вилоят Кенгаши масъуллари, туман Кенгаши ходимлари, халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашига ХДПдан сайланган депутатлар, бошланғич партия ташкилотлари раислари, партия фаоллари, оммавий ахборот воситаларининг     вакиллари иштирок этишди. 

Пленумда бешта масала муҳокама этилди. 

Дастлаб ХДП туман Кенгаши раиси Л.Бўлакованинг ҳисоботи тингланди. 

-Ҳисобот даврида-деди нотиқ ўз сўзида, - Ўзбекистон Халқ демократик партияси  туман Кенгашининг VIII ва IХ пленуми        (9 та масала) ҳамда  Ижроия қўмитасининг 12 та йиғилиши бўлиб ўтди. Уларда жами 63 та масала муҳокама этилди. Энг муҳими, сиёсий партия аъзолари юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, асосий ташаббускорларидан бўлишга ва бу ташаббуслар ижросини таъминлашга ҳаракат қилдилар. Биргина ўтган йилда туман Кенгаши сессиясига киритиш мақсадида бешта масала ўрганиб чиқилди ва улар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Депутат Темур Ражабовнинг  Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг 2018 йилда амалга оширган фаолияти юзасидан берган ахборотида ана шу фаоллик ва ташаббускорлик ҳақида батафсил ахборот берилди.

Дарҳақиқат, партия томонидан долзарб масалалар бўйича олти маротаба мазмунли чиқишлар қилинди. Депутатлар ўзларининг ваколатлари доирасидаги масалалар бўйича мутасадди идоралар раҳбарларига 64 маротаба (2017 йилда 37 та) депутатлик сўровлари берилди. Ушбу сўровларнинг 47 таси ижобий ҳал этилди. 17 та сўровлар бўйича тегишли тушунтиришлар берилди, истиқболли чора-тадбирлар белгилаб олинди. 

Шунингдек, Ўзбекистон ХДП Иштихон туман Кенгаши қошида ташкил этилган жамоатчилик қабулхоналарида депутатлар томонидан жами 60 та (2017 йилда 50 та) ёзма ва оғзаки мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, ушбу мурожаатларнинг 40 таси ижобий ҳал этилди. 20 та мурожаат бўйича тегишли тушунтиришлар берилди. 

Ҳисобот даврида депутатлар томонидан ўзлари сайланган сайлов округларида 16 маротаба сайловчилар билан учрашувлар ташкил қилинди. Бу учрашувларда 77 та масалалар кўтарилган бўлиб, уларнинг 53 таси ижобий ҳал этилди.  

Пленумда кун тартибидаги масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.


Матлуба МУЗРАПОВА.