ИШТИХОНЛИК ЛУКАШ БОТИР КИМ БЎЛГАН?

Иккинчи жаҳон урушида жангчиларнинг мардлиги, жасорати синовдан ўтди. Уларнинг бирдамлиги, Ватан учун ҳатто жонларини аямаганлиги ўз исботини топди. Ғалабага эришдик. Уларнинг жанггоҳлардаги  қаҳрамонликлари ҳақида кинолар яратилди, асарлар ёзилди. Ёзувчи Назир Сафаровнинг “Лукаш ботир” асари қаҳрамони  асли иштихонлик Луқмон Ўроқов бўлади.
       Ким билан суҳбатлашманг Луқмон Ўроқов ҳақида қандайдир ғурур билан  сўзлайди. Чунки у киши урушдан кейин ҳам яхши фазилатлари билан ҳамюртларига ибрат бўлди. Ўша йиллар туманда энг йирик хўжаликлардан бўлган Ҳозирги Митан қўрғони ҳудудидаги (собиқ “ Янги ҳаёт”) ҳисобчи бўлиб ишлади, хўжаликни бошқарди, туманда зотли қорамоллар етиштирадиган фермада фаолият кўрсатди. Ҳамқишлоқларидан яхшилиги, ёрдамини аямади, улар ҳаётидаги ўзгаришлардан  ўзи ва ўзгалар мамнун бўларди.
      -Отамни ёдга олсам худди ҳали ҳаётдек кўз олдимда гавдаланади,—дейди тумандаги 2-ИДУМ ўқитувчиси “Халқ таълими аълочиси” Марҳабо Луқмонова. —Оилада ҳам жуда талабчан эдилар. Ишлари қанчалик кўп бўлмасин онажонимиз Момохол ая билан биз 10 нафар фарзанднинг тарбияси, ўқиши билан қизиқарди. Ҳаммамиз олийгоҳларни тугатиб турли соҳаларда меҳнат қилаяпмиз. Ғайрат, шижоатимизни, сўзларимиздаги ўктамликни отамга ўхшатишади.
      - У пайтлар ҳамма хонадонларда ҳам телевизор бўлмас эди. Ҳафтада бир хўжалик идораси ёнидаги клубда кино, концертлар қўйиларди. Катта-кичик ҳамма биргаликда томоша қиларди. Қишлоқ аҳли олдин кўрган кинолари бўлсалар ҳам қизиқиш билан  ошиқарди.
      Ана шундай кунларнинг бирида “Колхознинг клубига пойтахтдан санъаткорлар келиб томоша қўйишар экан” деган хушхабар тарқалди. Клубга тумонат одам йиғилди. Тошкент шаҳридаги отахон театр актёрлари саҳнага чиққанида катталарга қўшилиб биз ёшлар ҳам қаттиқ қарсак чалиб юбордик. Саҳнада талқин этилган уруш лавҳалари бутун фикримизни ишғол этди. Асли иштихонлик бўлган ўзбек партизанининг жасорати мурғак қалбларимизда чексиз фахр-ифтихор ҳиссини жўш урдирди. 
 Спектаклдан сўнг  “Лукаш ботир” роли ижрочисига  Луқмон Ўроқовнинг ўзи тўн кийгиздилар, -хотирлайди “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раҳбари Баҳодир Хидиров.
 Ана шу таассуротлар улғайганимизда ҳам қалбимизни тарк этмади. Келинг, шу ўринда асл муддаога ўтиб, қаҳрамонимизнинг Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасоратлари ҳақида  батафсил тўхталиб ўтайлик.
 “Лукаш ботир” номи билан машҳур бўлган юртдошимиз Луқмон Ўроқов 1916 йилда Иштихон туманидаги Чақар қишлоғида туғилиб вояга етган. Дунёни ларзага солган Иккинчи жаҳон уруши бошланганида йигирма беш ёшли навқирон йигит ҳам фронтга сафарбар этилади. 1941 йилда у хизмат қилаётган бўлинма жангчилари душманнинг дастлабки кучли ҳужумига дуч келадилар. Қақшатқич жанглардан сўнг Луқмон Ўроқов бир қанча қуролдошлари билан  асирга тушиб қолади. 
 Аммо, Германияга олиб кетилаётган эшелонлар Белоруссия ҳудудидан ўтаётганда битта вагондаги асирлар ўзлари ўтирган вагонни тешиб ўзларига имкон қилишади ва  қочишга  муваффақ бўлишади. Улар орасида Луқмон Ўроқов ҳам бор эди.
      Бир неча кун ўрмонда юрган аскарлар ниҳоят Брест шаҳри яқинидаги Антополский туманида ташкил этилган партизанлар отрядига бориб қўшилади. Отряд комиссари Лукаш Тимошенко соддадил ва мард йигит Луқмон Ўроқовни ёқтириб қолади. У жанг майдонида ярадор дўстларини ташлаб кетмас, виждони бунга йўл қўймасди. Жасур жангчи ҳар доим зудлик билан тўғри қарор қабул қила оларди. Бир неча бор ўз отрядининг душман чангалидан эсон-омон чиқиб кетишига ҳисса қўшади.Кўпинча ёнига бир жангчини олиб разведкага жўнатишар, аниқ маълумотларни билиб келарди. Шавқатсиз  жангларнинг бирида Отряд комиссари Лукаш Тимошенко ҳалоқ бўлгач, партизанлар унинг хотирасига Луқмонни “Лукаш ботир” деб атай бошлашади. Чунки унда ҳам комиссардаги каби мардлик ва қўрқмаслик фазилатлари мужассам эди.- 1974 йилда Луқмон Ўроқовни йўқлаб Белоруссиядан қуролдош дўстлари А.Хромова ва Ф.Роммалар келишди, - деб эслайди Лукаш ботирнинг қизи Манзура опа. – Улар бизга уруш хотиралари, отам кўрсатган қаҳрамонликлар ҳақида ҳикоялар айтиб беришгани сира ёдимдан чиқмайди. Биз ҳам отам ҳақида спектакл яратилганини айтганимизда меҳмонлар беҳад қувонишган эди.
    Жасорат, эзгу ишлар мангудир.  Иштихон фарзанди, уруш ва меҳнат фахрийси Луқмон Ўроқов, яъни “Лукаш ботир”нинг жасоратлари ҳамон тиллардан тилларга ўтиб келаётир. Шаҳар марказидаги музейда жасур жангчи ҳақида кўплаб қимматли маълумотлар сақланмоқда. Бу йил ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан музейнинг Мустақиллик залида ташкил этилган кўргазмадан жой олган бу инсон ҳақидаги қимматли экспонатлар сафи янада бойитилди,суратлар янгиланди. Ҳамюртларимиз Луқмон Ўроқовнинг ҳаёт йўли билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди. Лукаш ботирнинг қуролдош дўстлари , оила, фарзандлар даврасида тушган суратлари ҳам экспонатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллади.
         Яқинда бир воқеа бўлди. Таниқли актёр Эркин Комилов ва Ёдгор Саъдиевлар туманга ташриф буюрди. “Лукаш Ботир” спектакльини эсга олдилар. Иштихонга туманига ташрифлари,  асар қаҳрамони Луқмон Ўроқов билан бўлган самимий суҳбатларини хотирлашди. Ҳа, вақт ўтгани сайин жасорат  тиллардан тилларга кўчиб тарих саҳифаларида сайқал топаётир.

Матлуба Раббимова