ИМОРАТ ҚУРАЯПСИЗМИ? ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИНИ ҲАМ УНУТМАНГ!

Замонамиз тинч, турмуш фаровонлигимиз кун сайин яхшиланиб бормоқда. Юртимизда тадбиркорликка кенг йўл очилиши, турли замонавий бино ва иншоотларнинг бунёд этилаётганлиги иқтисодимизни юксалтириш билан бир вақтда халқимизнинг турмуш маданияти ошишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бугун қишлоқларда ҳам кўркам, барча шарт-шароитларга эга уй-жойлар қурилаётир. Уларда ички ва ташқи маданий-маиший талабларни қондиришга мўлжалланган жиҳозлар, газ ва электр тармоқлари орқали ишлайдиган ускуналар барпо этилмоқда.

 Бу эса ўз навбатида ушбу ускуналарни тўғри ва тегишли қоидаларга риоя қилган ҳолда ўрнатиш, бинолар қурилиши бошланмай туриб хавфсизлик қоидалари талабларини эътиборга олган ҳолда иш тутишни талаб этади. Чунки бинолардаги ички сув таъминоти, электр симларини монтаж қилиш чоғида озгина эътиборсизлик қилинса, қачон бўлмасин кўнгилсиз ҳодиса юз беришига замин яратилади. 

 Иморат қурилишини бошлаш чоғида биноларда ёнғинга қарши оралиқ масофани сақлаш, йўлнинг мумкин қадар кенг бўлишини таъминлаш биринчи талаблардан саналади. Биноларда ёнғинга қарши тўсиқлар барпо этилиши, қурилиш ашёлари, том ва том ёпмаларини тўғри танланг, иншоотларнинг ёнғинга бардошлилик даражаси ва хоналарда тутун ҳайдаш тизимини эътиборга олинг. Ички сув ва электр тармоқларини ўз билганингизча уламанг, албатта мутахассис кўмагидан фойдаланинг. Бинога ёнғинга қарши автоматик воситалар ўрнатишни унутманг! 

 Бу қоидаларга амал қилиш орқали сиз ўз мулкингиз хавфсизлиги ҳамда оила аъзоларингизнинг тинчлиги, хотиржамлигини таъминлаган бўласиз.


Элшод ҚУДРАТОВ,

туман Фавқулодда вазиятлар бўлими 

норматив-техник бўлинмаси бошлиғи.