ОРЛОТЛИК "ҚАХРАМОНЛАР" ҚОНУНИЙ ЖАЗОЛАНДИ.

Бугунги куннинг масъулияти оғир. Карантин қоидаларига қатъий риоя этиш аввало, ўзимиз, оила аъзоларимиз саломатлигини муҳофаза қилишда муҳим аҳамиятга эга. Аммо, буни ҳамма ҳам бирдек тушунавермас экан. Афсуски, фуқаролар орасида қонун талабларини менсимайдиганлар, жамиятда юриш-туриш қоидаларига риоя этмасдан ҳуқуқбузарликлар содир этаётганлар ҳам учрамоқда. 


 Яқинда Туманимизнинг Орлот МФЙ ҳудудида истиқомат қилувчи Ғ. Болтаев, Б.Ҳамдамов, Ж.Музропов ва Ж.Очиловлар ҳам ҳеч бир мақсадсиз кўчага чиқиб, Ўзбекистон Республикаси МЖтК нинг 54 ва 183- моддаларида кўрсатиб ўтилган ҳуқуқбузарлик ҳолатини содир этишди. Уларнинг хатти-ҳаракатлари туман 11-сонли ИИБ бошлиғи Ж.Эшмаматов, профилактика инспекторлари Э.Имомов, Ш.Нарзиев ва О.Анорбоевлар томонидан қонуний расмийлаштирилди.

 Ҳуқуқбузарларнинг бу қилмиши Каттақўрғон туман Маъмурий судининг очиқ суд мажлисида муҳокама этилди ва тегишли моддалар асосида жазоланди. Натижада улар ўзлари аҳамиятсиз деб ҳисоблаган хатти-ҳаракатлари учун 15 сутка маъмурий қамоқ жазосини ўташ ҳамда Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 54-моддасининг     1-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари, яъни 223 000 сўм миқдорида жарима тўлайдиган бўлишди.

Иброҳим ТЕМИРОВ,
туман ИИБ ХПБ катта инспектори.