ОТАЛИК МАСЪУЛИЯТИ УНУТИЛСА…

-Пешонам қурсин, кўзим кўр бўлмаса сизга турмушга чиқаманми?- уввос солиб йиғлайди аёл.
 -Ёқмаса ана катта кўча, бор йўқол! Болаларингни ҳам олиб кет! – эркак жаҳл устида охирги гапни айтди. 
 Оила бузилди. Арзимаган жанжал туфайли аёл уч фарзандни етаклаб ота уйига қайтди. Эркак эса кўп ўтмай иккинчи бор оила қурди.
 Бу гапларни шунчаки баён этиш ҳам оғир. Турмушидан ажраб, уч гўдакни ҳам ота, ҳам она бўлиб улғайтириш эса ўтаётган ҳар бир кунни минг бир машаққат билан ўтказиш, йўқчиликни, тош келса кемириб, сув келса симириб яшаш деганидир. Суд томонидан белгиланган ва ҳарна болаларнинг кам-кўстига ёрдам бўлиб турган алимент пули ҳам тўхтаб қолса-чи?
 Бугун айнан мана шундай қийинчиликни бошидан кечираётган, турмуш ўртоғининг белгиланган алимент пулини бир-икки ой эмас, балки йиллаб тўламаётганидан шикоят қилиб тегишли идораларга, хусусан, маъмурий судларга мурожаат этаётган аёллар оз эмас.
 Жорий йилнинг 10 июль санасида туман маъмурий суди очиқ суд мажлисида муҳокама этилган ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳам худди ана шу мавзуда кечди.
 Фуқаро К.О. биринчи оиласида дунёга келган уч нафар фарзанди учун белгиланган алимент тўловини 2018 йил май ойидан 2019 йилнинг 1 июлига қадар “унутиб кўйди”. Қарздорлик эса 7.235.921 сўм 8 тийинга етиб қўйди.
 Суд мажлисида ота ўз хатосини тан олди. Энди эса у нафақат унутилган алимент пулини тўлайди, балки Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 47/4-моддаси 1-қисми билан жабрланувчининг даъвоси борлиги, зарарлар тўланмаганлигини ҳисобга олиб модда санкциясида назарда тутилган ҳолда тайинланган маъмурий қамоқ жазосини ҳам ўташга мажбур. Қолаверса, қамоқда сақлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар учун айбдордан ҳар бир кунга энг кам ойлик иш ҳақининг 15 фоизи миқдорида давлат даромадига пул ундирилиши ҳам яна бир қўшимча харажатдир.
 Ўйлаб қоласан киши, наҳотки отага фарзандларининг моддий таъминотини суд орқали эслатиш шарт бўлса?!  Бундай вазиятда бола ҳаётида ота тарбиясининг ўрни ва аҳамияти, фарзандлар қалбида унинг меҳр-у муҳаббатига бўлган эҳтиёж ҳақида гапиришнинг ўзи ортиқча! Бу ҳолда ота бўлишга не ҳожат?! 
 Ҳа, ёшларни оилага тайёрлашда жамият фаоллари кўпроқ қизлар тарбиясига эътибор қаратадилар. Оила мустаҳкамлигини таъминлашга қаратилган суҳбат ва тарғиботлар ҳам асосан хотин-қизлар даврасида ўтказилади. Ахир, оила олдида эр-хотин бирдек масъул, фарзанд тарбиясида иккиси ҳам бурчлидир. Фарзандини боқиш, уни моддий жиҳатдан таъминлашдан қочиб юрган оталардан яна нимани ҳам кутиш мумкин? 
 
                                           Анвар КУБАЕВ,
                          МИБ туман бўлими давлат ижрочиси.