“ОЛТИН БАЛИҚ”ҚА ҲАМ ОСОН ЭМАС...

Мақола аввалида муаллиф сифатида бир гапни алоҳида эътироф этишим жоиз. Қуйида баён этаётган фикрларим билан ҳеч кимга даъво ёки иддао қилиш ниятим йўқ. Бу фикрлар қалбимда шунчаки ўз-ўзидан пайдо бўлмади. Кундалик воқеа-ҳодисаларни кузатиб, жараёнларда гувоҳ бўлганим анчайин ноқулай ҳолатлар туфайли хаёлимда туғён урган эътирозлар мени мана шу фикрларни сиз билан ўртоқлашишга даъват этди...



 Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, ёрдам кўрсатиш  давлат аҳамиятидаги долзарб вазифа қилиб белгиланди. Жойлардаги Халқ қабулхоналари, махсус веб-сайт ва ишонч телефонлари орқали ҳамюртларимизни давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзлари тингламоқда. Ишлайман деганга имтиёзлар яратилаётир, моддий, маънавий ҳатто амалий ёрдам кўрсатилаяпти. Бир сўз билан айтганда, бугун фуқаролар ва давлат ўртасида ҳеч бир тўсиқ йўқ, Бу эътибор ва ҳурмат аслида ҳар биримизни эртанги кунга ишонч билан яшашга, қалбимизда янги-янги режалар тузиб олға интилишга даъват этиши жоиз.  

 Эътироф этиш лозимки, ана шу эътибордан илҳомланган ҳолда турли соҳаларда катта-катта ишларга қўл уриб ҳам оиласи ҳам давлатимиз корига яраётган юртдошларимиз кўп. Ўзбек тадбиркори бугун дунёнинг етакчи мамлакатларидаги ишбилармонлар билан  ҳамкорликни йўлга қўяётир. Она заминнинг нариги четидаги аҳоли дастурхонига Ўзбекистон тупроғида етиштирилган ноз-неъматлар етказиб берилаяпти. Бундай инсонларнинг ишларини кузатиб, қўлга киритаётган ютуқларидан қувониб “Отангизга балли!” дегингиз келади.

 Сайёр қабулларда эса имконияти чекланган, оила тебратишга қайсидир сабаблар монелик қилаётган ёки ўз ишини ташкил этишда бирламчи ёрдамга ўта муҳтож кишиларнинг муаммолари ҳал этилса, ёш тадбиркорларга мадад берилса яхши эди.

 Лекин шундай жаннатмонанд юртда яшаб, билагида кучи, қўлида имкони бўла туриб сайёр қабулларнинг ҳеч бирини канда қилмайдиган  устомонлар ҳам йўқ эмас-да! Ҳатто, қаерда, қачон ва қайси масъул раҳбарнинг қабули бор эканлигини аниқлаб, ўзи каби “мижозлар”ни эргаштириб ушбу манзилларга ташриф буюрадиган, агар талаби қондирилмаса янада “юқори”роққа югурадиганларга нима дейсиз?!

 - Жўжа бирдек жонмиз, - деди сайёр қабулларнинг бирида олтмиш ёшларга кирган бир отахон.- Тўрт ўғлим ишсиз, келинларим рўзғор билан банд. Уй қуриш, чала иморатимизнинг томини шиферлаш керак, ёрдам берсангиз...

  Суҳбатда аён бўлишича, ўғилларда уй қуриш учун 12 сотихдан томорқа ери мавжуд, ўзлари соғлом.  Аслида бундай ўғиллари бор ота-она уй қуришнинг ташвишини қилиш эмас, фарзандлар ардоғида, набиралар қуршовида иззат топиб яшашга лойиқдирлар. Агар ўттиз ёшга қадар бир касб-ҳунарнинг бошини тутмаган, иморат қуриб, ёлчитиб оила тебратишга қурби етмайдиган ўғилнинг шароити четдан берилган ёрдам билан ўнгланиши қийин. Яқин-яқинларгача йиллар давомида етишмовчиликлар аримайдиган оилаларни кузатиб ажабланар, уларга ачинардим. Энди билсам, ҳаммаси ҳаракатга боғлиқ экан. Оилада бирлик, ҳамжиҳатлик билан олдинга қараб интилиш бўлмаса, у инқирозга юз тутаверади. Ёрдам, ҳимоя ва мадад эса абадий эмас. Ахир  “Қўлдан берганга қўш тўймас” деган гап бекорга айтилмаган. Давлат ҳам кўрсатилган ёрдамдан унумли фойдаланган, уни оилага қўшимча даромад келтирадиган ишларга йўналтира биладиган одамларни қўлласа фойдалироқ бўлади. 

 Шу ўринда бир гап, рус халқ оғзаки ижодининг машҳур намуналаридан бири бўлган “Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак”ни ҳаммамиз яхши кўриб ўқиганмиз. Ана шу эртак асосидаги мультфильмни нафақат болажонлар, балки биз катталар ҳам томоша қилиб зерикмаймиз. Масъул раҳбарларнинг сайёр қабулидаги айрим мурожаатларни тинглаганимда ҳар гал ана шу эртак ёдимга тушади. Чол кампирининг истакларидан қанчалик хижолат тортмасин, унинг истакларини олтин балиққа етказади.  Хоҳиш-истакларнинг кўлами эса ортиб бораверади ва бундан нафақат балиқ, балки уммон ҳам жунбушга келади. Ахир, олтин балиққа ҳам осон тутиб бўлмайди! Тўғри, бу бир эртак. Лекин ҳар қандай бадиий асар каби унинг ғояси ҳам ҳаётдан олинган, буни унутмаслик керак.

 Давлат –меҳнатсевар халқи билан қудратлидир. Ўтган йигирма саккиз йил ичида юртимизда кузатилган ўзгаришларнинг барчаси шу мамлакат халқи меҳнатининг самарасидир. Ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар жуда кўп. Давлат хазинасини бойитиши лозим бўлган соҳаларнинг тўла фойда билан ишлашини таъминлаш учун ҳали йиллар ва катта меҳнат керак. 

 …Бир вақтлар ночоргина оиламизда нимадир етишмай қолса, онам раҳматлик қўшнидан сўрашдан аввал уйдаги имкониятларни назардан ўтказарди. “Бировдан олсанг қарз-да, болам, қарз ёмон!”- деб қўярдилар секингина. Ана шу сўзлар мағзини энди англаётгандекман. Демак, “Бер!” деб талаб қилишдан аввал, ўз имкониятларимизни чамалаб кўрайлик. Имкон қадар ўз кучимизга таянганимиз, фарзандларимизни меҳнатга ўргатганимиз маъқул. Бу билан аввало, ёруғ юз билан яшашга эришамиз. Қолаверса, боқимандаликдек зарарли иллат авлодларимизга ўтмайди, бу эса оилага роҳат келтиради.


Муқаддам ҲАЙИТОВА,

журналист.