"Шифокорнинг баҳоси йўқ, аммо..."

Хаста киши қаерда яхши шифокор бор, дейишса, ўша ердан нажот излайди. Баъзан шарт-шароити ҳаминқадар бўлса-да, "кўзли дўхтир" ишлайдиган бўлимда, ҳар қанча қийинчилик ва нуқсонлар бўлса-да, дардига малҳам истаб ётиб даволанишга ошиқади.   Туман тиббиёт бирлашмасининг Митандаги шохобчасида биз худди ана шундай манзарага дуч келдик.

Митан шаҳарчасидаги тиббий бўлимлар уч қаватли бинода жойлашган. Биринчи қаватда поликлиника, иккинчи қаватда терапия, яъни ички касалликлар бўлими, учинчи қаватда эса болалар бўлими фаолият юритади. Бир вақтлар бу ердаги шарт-шароитга кўпчилик ҳавас қилар эди. Аммо, бугунги кунда уч бўлим жамоаси ҳам таъмирталаб хоналарда ишлашаяпти. 

Поликлиника зали ғира-шира. Хоналар етарли, аммо, нафақат бино деворлари, балки жиҳозлар-у шифокорларнинг ўзлари фойдаланадиган  ускуналарга нисбатан эътибори ҳам "эскирган"дек. Шу боис бўлса керак, биз кузатув олиб борган куни мактаб ўқувчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари фақат "қоғоз қоралаш" даражасида эканлигига амин бўлдик. Фикримизга далил сифатида поликлиника бўйлаб кузатувларимиз жараёнида гувоҳи бўлганимиз бир қанча салбий ҳолатларни (бу нуқсонларни биз бош ҳамшира М. Умировага тўла баён этдик) келтиришимиз мумкин. Ҳолбуки, поликлиника жамоаси айни пайтда 10 та маҳалла аҳолисига хизмат кўрсатади. Ҳудуднинг қамрови кенг, аҳолининг дарди, талаби ҳам шунга яраша. Демак, мурожаат билан келаётган беморларга жиддий эътибор, ҳушёрлик ва маданият ҳам керак.

Иккинчи қаватдаги терапия бўлими бош шифокориМ.Исоқов қабулида навбат кутаётган беморлар жуда кўп экан. Шу боис ётиб даволанаётган беморлар билан ҳамшира ҳамроҳлигида суҳбатлашдик.

-Олтмиш уч ёшдаман. Қон босимим кўтарилгани учун бўлимга анча оғир аҳволда келган эдим, - деди митанлик бемор Ойдин Рўзиева.- Бунинг устига қандли диабетга чалинганман. Бу ердаги шароитни кўриб турибсиз. Шифокор баҳоси йўқ инсон, шунинг учун ушбу бўлимда ётиб даволанаяпман. 

Таъкидлаш лозимки, даволанаётган беморлар орасида нафақат митанликлар, балки туманимизнинг шаҳарчага анча олис ҳудудларидан келганлар ҳам бор. Уларнинг ҳаммаси шифокорнинг билим ва маҳоратига ишонган ҳолда шу ерга келиб даволанаётганликларини таъкидлашди.

Бинонинг иситиш ва канализация тармоғи ишламайди. Бўлимда алоҳида ошхона ва овқатланиш хонаси мавжуд, аммо, газ йўқ. Шунинг учун беморлар палатада ўзлари билан келтирган электр жиҳозлари ёрдамида овқатни иситиб, чой қайнатишади. Пастдаги ошхонада тайёрланган иссиқ овқат хизматчи томонидан хоналарга етказиб берилади. Сувни ҳовлидан олиб чиқишади, ҳожатхона ҳам ташқарида жойлашган. Кўпчилик беморлар пастга тушиб-чиқа олишмайди. Беморларнинг ортидан кўргани келган яқинлари пласмасса идишларда сув келтириб бериб кетишар экан. 

Айни пайтда 20 ўринга мўлжалланган бўлимда  ўттиз нафарга яқин бемор даволанаяпти. Бу албатта, ҳамюртларимизнинг бўлим шифокорлари хизматига эҳтиёжи бор эканлигини кўрсатади. Лекин бутун бўлимни тозалаш битта фаррош зиммасига "юклатилган". Хизматчи ҳар қанча серғайрат бўлмасин, барча палаталар, катта зал, ошхона ҳамда бошқа ёрдамчи хоналарни тоза сақлашга улгуриши осон эмас.

"Ранг кўр - ҳол сўр" деган иборага амал қилиб учинчи қаватда жойлашган болалар бўлими ва ҳудуддаги  бошқа қўшимча хизмат хоналаридаги ҳолатга эътибор қаратмадик.

Терапия бўлими шифокори М.Исоқов туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарлари бу ердаги реал ҳолатдан хабардор эканлиги ва бинони таъмирлаш режага киритилганлигини айтиб, ҳадемай аҳолига хизмат кўрсатиш борасидаги аҳвол албатта яхшиланишини таъкидлади. Начора, биз ҳам шунга ишонган ҳолда бу ерга ташриф буюраётган беморлар кўнглига умид   бағишлаймиз, холос.

М.ҲАЙИТОВА,

"Иштихон овози" мухбири.