ҲАЙДОВЧИМИСИЗ? Жавобгарлик масъулиятини унутманг!

Машина бошқаришни ҳамма ёқтиради. Беминнат кўмакчи доимо узоғингизни яқин, мушкулингизни осон қилиши билан ҳаётимизда ўз ўрни ва аҳамиятига эга. Аммо, автомобиль соҳиби бўлишнинг ўз қоида ва масъулияти ҳам бор.
 Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 133-моддасида айнан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузиши натижасида жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказиши ҳолати кўзда тутилган. Бу ҳолат базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда жарима солинади ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан бир йилдан уч йилгача муддатга марҳум этишга сабаб бўлади. 
 Анча миқдордаги моддий зарар деганда, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдоридан ошиб кетган зарар тушунилади.
 Агар транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан автотранспортлар ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси, 1-қисми бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
 Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, ушбу модданинг 2-қисми билан муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 7 йилгача озодликдан маҳрум этилади.
 Бу қилмиш одамлар ўлимига, ҳалокатга ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум бўлиш билан бирга ўн йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
 Автомобиль бошқариб йўлга чиққан ҳар бир ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиши турли кўнгилсизликларнинг олдини олишини унутманг!

М.ТЎХТАЕВ,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди судьяси.