БЎСТОН ГУЛИСТОНГА АЙЛАНАДИ

Жорий йилда туманимиздаги учта қишлоқ  “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида қурилиш ва ободончилик ишлари амалга оширилмоқда. Бу ғамхўрликни қишлоқлар аҳолиси мамнуният билан қабул қилиб, ана шу эзгу ишга бажонидил ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.


     -Агар ҳаёт кечириш учун барча қулайликлар яратилса, қишлоқда яшашнинг ҳузури бўлакча! Тоза ҳаво, ажойиб табиат манзаралари, зилол сув, кўнгли даласи каби кенг одамлар, бунга нима етсин,- деди Бўстон МФЙ раиси Шуҳрат Қурдошев бизни “Обод қишлоқ” дастури асосида қишлоқда амалга оширилаётган ишлар билан таништирар экан.

 Дарҳақиқат, Бўстон қишлоғи чиндан ҳам сўлим бир гўшада жойлашган. Бу масканда истиқомат қилаётган 2645 нафар аҳолининг асосий даромади боғдорчилик ва чорвачиликдан. Бу ерда ҳозиргача 1 та умумтаълим мактаби, 1 та “Тез ёрдам” шохобчаси мавжуд эди. 

 Бугунги кунда қишлоқни чинакам гулистонга айлантириш учун қизғин иш олиб борилмоқда. Йил бошидан буён марказий йўл бўйлаб тунги ёритиш тизимлари ўрнатилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 2 та трансформатор ўрнатиш режалаштирилган. 3,6 километр масофада қувурлар ётқизилиб, марказий ичимлик суви таъминоти марказига уланди.Қишлоқ марказида савдо мажмуаси, нуронийлар чойхонаси қурилиши давом этмоқда. 3,2 километр масофадаги марказий йўлга асфальт ётқизиш ишлари бошлаб юборилди. 23 километр масофадаги ички йўлларга тош ётқизиш кўзда тутилган. “Оқдарё-Турон” фирмасининг Қўчқор Мардиев бошчилигидаги бетончилар гуруҳи “Янгикент” каналининг 2,6 километрида бетонлаш ишлари давом этмоқда.

 Эътибордан руҳланган қишлоқ аҳли ҳам қараб тургани йўқ, - дейди МФЙ раисининг нуронийлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Бахтиёр Ёрқулов.- марказий йўл бўйлаб жойлашган 210 та оила ўз уйларида таъмирлаш-ободонлаштириш ишларини амалга оширишмоқда. Тадбиркор Муҳиддин Юсупов давлат-шерикчилик асосида 100 ўринли МТМ қураётир. Тез кунда 25 ўринли хусусий МТМ иш бошлайди. 1 гектар майдонда ҳомийлик асосида ёшлар учун ўйингоҳ бунёд этилаяпти. 

 Ҳа, бу йил Бўстон қишлоғи чинакам гулистонга айланади. Қишлоқ аҳли эса ҳар қандай шаҳардагидан кам бўлмаган хонадонларда бугунги кунидан рози бўлиб яшайдиган бўлишади.