ҚУЛОҚҚА АЙТИЛГАН ГАП!

БИРОВ ЭШИТМАСИН, АЙЛАНАЙ...

    -Кун бунчаям қизиди-я, айланай, келинг, шу сояда икки оғизгина гурунглашайлик! Қаричиликнинг гаштига яраша қийноғиям бўларканда, нима дедингиз? Умримиз меҳнатда ўтганигами қаригандаям уйга сиғмаймизда, ўргилай, бир иш қилай десанг, кучинг етмайди, тинчгина ўтириш юрагингга сиғмайди, десангиз. Яхшиям шу чеваралар бор, чуғурлашиб кун ўтказамиз. Ҳозирги болаларам бинойидай ўзбилармон. Оҳ-оҳ, аввалги ўйинлар қайда! Биз бола пайтимиз “Ҳаппактош” ўйнардик, лойдан уйлар ясаб “қидириш-қидириш” қилардик. Чўпдан ясалган қўғирчоқларимиз бўларди, уришмай-жанқишмай созигарчилик қилиб ўсганмиз. Ҳозирги болаларнинг алламбало қўғирчоқлари, ўйинчоқ мошина-ю, самолутигача бор. Лекигин, булар чўқишгани чўқишган. Мен тугул туққан онасиям чидамайди буларнинг можаросига. Ўтган ойдан боғчага бердик. “Боғчага борсин, ўзидан зўр болаларнинг даврасида пишисин!” дедим-да.

 Боғчага бердирдим-у, ўзимдан бошқа дастёр йўқ. Ўзим олиб келиб, кечки пайт яна ўзим ола кетаман. Дадаси билан аясигаям ишонмайман, денг. Бирам хаёллари паришоней, анов телепондан бошқа эрмаги йўқ. Куни билан битта уйда ўтириб, бир-бири билан икки оғиз гаплашишмайди. Мошиналар “ғиз-ғиз” қатнаб ётган йўлда боланинг қўлидан ушлаб юрадими-йўқми, Худо билади! Эй, нимасини айтасиз, ҳозир болаларни боғчага олиб келсам, дарвоза олдида битта “боғча опа” ўтирибди. Бугун навбатчи шекилли, ҳамма унга боласини топшираётир. Бирининг боласи йиғлаган, иккинчисиники бир нималар деб инжиқланган. “Опа”нинг парвойи палак, қўлидаги телпонга ёпишиб, сақич чайнаб ўтирибди. Ким келаяпти-ю ким кетаяпти, билганиям йўқ, айланай. Бу қурғур боғчанинг дарвозаси ҳам катта йўлга қаратиб қурилган, мошиналар турнақатор. “Опа”нинг шу туриши бўлса, битта-ярим бола кўчага чиқиб кетсаям билмайди-ёв. Шуни деб кўзим орқамда қолди, ҳа телпонни ўйлаб топган ҳам бор бўлсин, деб койиб келаяпман.

Сиз ҳам ҳойнаҳой боғчага бораётган чиқарсиз, шундай бўлса, дарвозанинг олдида иккита чеварам қолувди, бир қўр назар солинг, ўргилай! Бири қизил кўйлакли қизалоқ, иккинчиси жинси шўртик кийган ўғил бола, билдингиз-а, кўринг-чи, ичкарига киришибдими? Мен шу ерда соялаб ўтираман, майлими? Ҳа айтганча, дарвозанинг олдидаги “опа”га бирон нарса деб ўтирманг, биров эшитмасин ўргилай, барибир қўлидаги матоҳидан айрилмайди, яна чевараларимни туртиб юрмасин-а, майлими?!


“Қитмир кампир” ҳангомаларидан.