Шейхларкент замонавий шаҳарчага айланади

Мамлакатимизда муҳтарам Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари билан   "Обод қишлоқ" дастури борасида жуда кўп эзгу ишлар амалга оширилмоқда. Қишлоқларимиз қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгараётганлигининг шоҳиди бўлаётирмиз. Хонадонлар обод,йўллар равон, замонавий тадбиркорлик шохобчалари сони  кун сайин кўпаймоқда. Хизмат кўрсатишнинг янги, тез ва соз усулларидан халқимиз ҳузур-ҳаловатда.
Тумандаги Халқобод, Бўстон ва Шейхларкент қишлоқлари ҳам бу йил кўркам қиёфа кашф этади. Кечагина Иштихон шаҳри билан туташ Шейхларкент  МФЙда "Обод қишлоқ" дастури доирасида ишлар бошлаб юборилди. Тепақўрғон, Картепа, Мирзамитан,   Шейхларкент қишлоқларини бирлаштирган бу МФЙда 535 хонадон, 2747 аҳоли ҳаёт кечиради. Улар учун янги ва қулай имкониятлар яратилиши кўзда тутилмоқда. 
Дастурга кўра ҳудуддаги МТМ қайта таъмирланади, 10 километр масофадаги ички йўлларга асфальт ётқизилади, тош тушалади, 1 километр  масофада пиёдалар учун қулайлик яратиш мақсадида йўлаклар яратилиб, 10  нафар кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар уй билан таъминланади. Маиший хизмат уйлари,сартарошхона, этикдўзлик устахоналари  бунёд этилади.
-Бу ҳам муҳтарам Президентимизнинг халқимизга бўлган эътибори, ғамхўрлиги ифодасидир. Ўтган йили  биз ҳаёт кечираётган Шейхларкент қишлоғида  30 та      4 сотихли, 40 та 2 сотихли ҳамда  32 хонадонга мўлжаллан икки қаватли  намунавий лойиҳадаги турар-жой бинолари  қурилиб фойдаланишга топширилди. Барча  шароитлар муҳайё этилган уйларни кўриб хурсанд бўламиз. Биз кексалар  амалга оширилажак ишларда фаол қатнашиб, қурувчиларга яқин кўмакдош бўламиз,-деди меҳнат фахрийси Шукур Алиқулов.
Шу йилнинг ўзида бу массивда яна жами 58 та 2 сотихли, 4 қаватли уйлар  қурилиши амалга оширилади.    Шейхларкент   мўъжазгина шаҳарчага айланади.
Туман ҳокими Шуҳрат Негматов Шейхларкент МФЙ фуқаролари билан учрашди ва амалга оширилажак режалар билан уларни таништирди.   Шунингдек, фаоллар билан суҳбатлашди, айрим муаммоларга ойдинлик киритилди,   ҳудуддаги эзгу ишларни амалга оширишда яхши таклиф ва ташаббуслари билан ҳамроҳ бўлишга ундади. Шу куниёқ қурувчилар ишга киришдилар.
Ўз мухбиримиз.
Суратда: Фаоллар амалга оширилажак ишлар ҳақида суҳбатлашмоқда.