“КЎЧАТЛАРНИНГ ҲАМ КЎНГЛИГА ҚАРАШ КЕРАК”

Муродқобил ака Мустоновнинг асл касби устачилик. Ўзи яшаб турган Хотамхўжа қишлоғидаги жуда кўп иморатларга меҳнати сингган. Аммо, фақат бу касбга суяниб қолмасдан томорқасини ҳам яшнатиб қўяди. Турмуш ўртоғи Туймахол Мустанова ҳам уй бекасиман деб фақат рўзғор юмушлари билан банд бўлиб ўтирмайди. Товуқ, мол, қўй парваришлайди. Бўш вақт топди дегунча томорқадаги экинларни парваришлаш, ўтоқ қилишга кўмаклашади.  Уларнинг меҳнатсеварлиги туфайли рўзғорлари бут, ишлари режали. 
  - Бир куни телевизорда иссиқхоналар ҳақида яхши бир кўрсатув намойиш этилди, - деб ҳикоя қилади Туймахол янга.- Кичик томорқадан катта даромад олаётган тадбиркорларнинг ишини кўриб акангиз жуда ҳавас қилди. Қишлоқдошларимиз асосан эртанги картошка, бошқа сабзавот ва полиз экинлари экишади. Биз ҳам томорқада кичик иссиқхона қуриб, лимонзор қилсак қандай бўларкан, дея ўғилларимизга маслаҳат солдик. Ҳозир эса иссиқхонадан чиққимиз келмай ишлаймиз. Биласизми, лимон жуда нозик, меҳрталаб бўлар экан. Озгина эътиборсизлик қилсангиз, у ҳам сиздан аразлайди.
   Дараҳақиқат, отанинг маслаҳати фарзандларга ҳам маъқул келди. Шундай қилиб 2 сотих ерда мўъжазгина иссиқхона қурилди. Уч йил аввал экилган лимон кўчатлари бу йил ҳосилга кирди. Кўчатлар орасига экилган кўкатлардан эса қиш бўйи баҳраманд бўлишди.  - Қорадарё дарёси яқин бўлгани учунми еримиз анча захкаш, - деди Муродқобил ака иссиқхонадаги экинларни завқ билан кузатаётганимизда. - Намлик ошиб кетиши ҳам кўчат ва экинлар ривожига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шунинг учун бу йил томчилатиб суғоришни йўлга қўймоқчиман. Кенжа ўғлим Темурбек бир неча туп банан кўчати олиб келиб экди. Она-бола тувакларда гуллар ҳам парваришлашади. Катта ўғлим Хуршиджон алоҳида уйда яшайди. Унинг ҳовлисида ҳам 1 сотихлик иссиқхона қурганмиз.    Томорқанинг даромадигина эмас, меҳнати ҳам роҳат беради одамга.
  Ҳа, ерга меҳр берсангиз, у сизни ўз саховати билан сийлайди. Бунга ҳалол меҳнатидан рўзғорига барака эниб яшаётган Муродқобил Мустоновлар хонадони ёрқин мисолдир.

Муқаддам ҲАЙИТОВА.