“РЕКЛАМАЧИ” ДАРАХТЛАР

Табиат ҳар доим инсониятга фойда келтирган. Меваси танга дармон, сояси жонга. Қолаверса, кўркамлиги ва чиройи билан кайфиятимизни кўтариш билан бирга сиз-у бизга кислород,яъни тоза ҳаво етказиб бериш ҳам уларнинг “вазифа”си. Замонанинг зайли билан ишбилармон одамлар бу вазифалар қамровини янада кенгайтиришга муяссар бўлишмоқда. Айниқса, йўл бўйлари, одамлар гавжум жойларда гуркираб ўсаётган дарахтлар “кўкси”га турли хил реклама баннерларини мих билан қоқиб, қоғозларни елимлаб ёпиштириб қўйишганига нима дейсиз?!
 Тўғри, бу ишдан кимлардир фойда кўраётгандир. Лекин дарахтлар ҳам тирик мавжудот, улар ҳам нафас олади, она заминдан озиқланиб ўсишади. Демак, шавқатсизлик билан қилинган муносабатдан озорланиши ҳам табиий. Бир ниҳолни кўркам дарахтга айлантириш учун озмунча меҳнат, парвариш керакми? Уни қуритиш учун эса оддийгина бефаросатлик етиб ортади.
Шундай экан, лоақал уларнинг танасини тирнаб исмларимизни ўйиб ёзиш, мих қоқиб баннер ёпиштиришдан сал истиҳола қилсак ёмон бўлмасди. Дарахтларнинг уволига қолмайлик, азиз замондош!

М.ҲАЙИТОВА.