Меваларни ювиб енг!

Ёз пишиқчилик даври, серқуёш ўлкамиз эса ўзининг сархил мевалари билан барчани лол қолдирган. Аммо, бу фаслда юқумли касалликлар ҳам авж олади.

Шундай касалликлардан бири дизентерия йўғон ичакнинг яллиғланиши билан кечадиган ўткир ва баъзан сурункали давом этадиган юқумли касалликдир. 

Дизентерия қўзғатувчилари физикавий ва кимёвий омиллар таъсирига чидамсиз, қулай ҳарорат ва намликда озиқ-овқат маҳсулотларида бир неча кун тирик сақланади. 

Касаллик алиментар- озиқ-овқат маҳсулотлари, сув орқали, маиший-мулоқот йўли билан ифлосланган қўл ва атроф муҳит жиҳозлари орқали юқади. 

Бактериялардан ажралган токсинлар йўғон ичакнинг пастки қисмига таъсир қилиб организмдан кўп суюқлик ва тузлар ажралиб чиқади, ич кетиш синдроми ривожланади. Заҳар таъсирида ичакнинг қон билан таъминланиши бузилади. Қориннинг пастки қисмида кучли оғриқ пайдо бўлади, сохта ҳожатга чиқиш қайд этилади, ич бир кунда 20 ва ундан ортиқ кетади. Нажаснинг қонли келиши ва бошқалар кузатилади.

Агарда яқинларингиз ёки фарзандларингизда юқорида келтирилган ҳолатлар кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг!

Касалликни юқтирмаслик учун сувни қайнатилган ҳолатда ичишга одатланинг. Ҳўл меваларни ювиб истеъмол қилиш лозим. Чўмилиш ҳавзаларидаги сувнинг тозалигига ҳамда чўмилиш жараёнида сув ютмасликка,идиш-товоқларнинг тоза ювилишига, пашшалар кўпайишига йўл қўймасликка эътибор беринг.

Ушбу тавсияларга амал қилсангиз, ўткир ичак касалликларидан сақланган ва оила-аъзоларингизнинг саломатлигини асрашга ўз ҳиссангизни қўшган бўласиз.

Д.ДЎСТМУРОДОВА,

Ф.ЯКУБОВА,

туман ДСЭНМ шифокорлари.