БИР ЛАҲЗАЛИК ЖАҲЛГА ЭРК БЕРМАНГ – БИЗГА ТАЯНИНГ!

Бирор бир муаммога дуч келганда яқинларингиз сизни тушунишга ожизлик қилиши мумкин. Кимдандир жабр кўриб, буни бировга айта олмай изтироб чекаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Ана шундай вақтларда бир лаҳзалик жаҳлга эрк бермаслик лозим.

     Туманда фаолият кўрсатаётган “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш”  Республика марказининг  туман худудий бўлинмаси ана шундай инсонларнинг дардини тинглаб, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, ҳаётга бўлган ишончини ошириш, психологик ҳамда тиббий ёрдам кўрсатишни ўз зиммасига олади.   Январь ойида реабилитация марказига 2 нафар аёл мурожаат этди. Уларнинг мурожаати қаноатлантирилди, яъни тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди. 

   Оғир аҳволга тушиб қолган фуқароларга реабилитация ва мослаштириш маркази бир вақтнинг ўзида юридик, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатади.   Зарур ҳолатларда аёллар фарзандлари билан бу ерда беш кунгача яшаб қолишлари ҳам мумкин. Бу муддат аёлларнинг бошланғич мослашишлари учун етарли бўлиб, бу вақт давомида психологлар стресс ҳолатини бартараф этишда кўмаклашадилар. Реабилитациядан сўнг улар оилага қайтишларига тўғри келади. Шунинг учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маҳалла қўмиталари билан биргаликда оиладаги вазиятни назорат қилади. 

 Ичкиликбозликка ва гиёҳвандликка берилган эркаклар мажбурий равишда даволанишга жўнатилади. 

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи шахс қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-  тегишли органларга ёки судга мурожаат этиш бепул ҳуқуқий маслаҳат олиш;

-  жабрланувчи етказилган моддий ҳамда маънавий зарарни қоплаш тўғрисида ариза билан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади;

-  тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ички ишлар органлари томонидан ҳимоя ордери берилади.

  Ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфи аниқланган пайтдан эътиборан 24 соат ичида 30 кун муддатгача берилиши лозим.

   Реабилитация вақтида аёлларга тикувчилик ва ошпазликка ўқитиш ва ўз бизнесини очишлари учун кредит олишда ёрдам ҳам кўрсатилади.  

 Азиз ҳамюртим, бир сўз билан айтганда сиз жамиятда ўз ўрнингиз ва қадрингизга эгасиз. Ҳар қандай машаққатни енгиб ўтиш, яқинларингиз билан бахтли ҳаёт кечириш имконини асло бой берманг, бизга ишонинг ва таянинг! 

Матлуба РАББИМОВА

Республика реабилитация ва мослаштириш маркази

Иштихон туман ҳудудий бўлинмаси раҳбари.