Боқувчисини йўқотган пенсионер қўшимча пенсия олиши мумкинми?

Савол: - Пенсионерман, аммо, пенсия миқдорим анча кам. Турмуш ўртоғим яқинда вафот этди. Эшитишимча, шу муносабат билан боқувчисини йўқотганлик   пенсиясини ҳам олишим мумкин экан. Бу қандай тартибда амалга оширилади, тегишли муассасаларга мурожаат этсам бўладими?  

Жавоб: -Албатта, бу сизнинг қонуний ҳуқуқингиз. Бу масала Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 августда қабул қилинган "Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарори асосида амалга оширилади. Қарорда келтирилишига кўра,фуқаролар бир вақтнинг ўзида икки хил  турдаги пенсия олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда ўзлари танлаган битта турдаги пенсияни олиш ҳуқуқига эга. Мисол учун ёшга доир пенсия олиб келаётган фуқаро боқувчисини йўқотганлик пенсияси олиш ҳуқуқи юзага келган тақдирда,ўзи танлаган бир турдаги пенсияни олиш ҳуқуқи вужудга келади. Агар фуқаро боқувчисини йўқотганлик пенсиясини танласа, ўз-ўзидан ҳозирда олиб келаётган ёшга доир пенсиясидан воз кечади.Боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган  ўртача ойлик иш ҳақининг 30 фоизи, лекин энг кам ойлик иш ҳақининг камида 50 фоизи  миқдорида, ортиқча ҳар бир йил  стаж учун қўшимча ўртача ойлик иш ҳақининг 0.5 фоизи миқдорида оширилади.

Масалан, марҳум фуқаронинг 34 йиллик иш стажи мавжуд бўлса,бугунги кундаги ўртача ойлик иш ҳақи 1679985 сўмни ташкил этганда боқувчисини йўқотганлик пенсияси учун талаб қилинган иш стажи 20 йил бўлган тақдирда боқувчисини йўқотганлик пенсияси қуйидагича ҳисобланади:1676985*30%=503995 сўм 50 тийин (бу пенсиянинг таянч миқдори). Ортиқча 9 йиллик иш стажи учун 0.5 фоиз оширилиши яьни, 1676985*4.5%=75599 сўмни ташкил этади. Демак, 503995 сўм 50 тийин +75599 сўм =579594 сўм 50 тийин миқдорда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тайинланади.

Саволга туман ижтимоий таъминот бўлимининг пенсия ва нафақаларни тайинлаш гуруҳи инспектори  Анвар  БОЙМУРОДОВ жавоб берди.

✅@ishtixonovozi