ЯНГИ “КОРОНАВИРУС” КАСАЛЛИГИ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

 Бу мавзу бугун ҳаммани қизиқтириши табиий. Чунки, кейинги бир-бир ярим ойдан буён бу хасталик ҳақидаги нохуш хабарлар бутун дунё аҳлини ташвишга солиб қўйди. 
 Ушбу касаллик билан биринчи марта 2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрига ташриф буюрган Канагава шаҳрининг 30 ёшли фуқароси касаллангани ҳақида оммавий ахборот воситаларида хабар берилган эди. Амалдаги йилнинг 7 февралига келиб беморлар сони 839 тага етгани, шундан 25 таси ўлим билан якун топгани эътироф этилди. Шу сабабли Ухан шаҳрида карантин ҳолати жорий этилди. Касалликнинг Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Гонгконг, Тайван, Макао, Филлипин,Австралия давлатларида ҳам рўйхатга олинаётгани айтилмоқда.
 Мамлакатимиз ҳудудида ҳозирги кунда ушбу хасталик билан касалланганлар кузатилмади. Бироқ бу хотиржамликка берилиш мумкин дегани эмас. Айни пайтда дунё бўйлаб турли юқумли касалликлардан эҳтиёт бўлиш масаласи кўнгдаланг турибди. Демак, биз ҳам коронавирус хасталиги ҳақида керакли маълумотларни билишимиз лозим.
 Янги коронавирус  келтириб чиқарган касаллик Хитойда денгиз маҳсулотлари билан савдо қилувчи бозорлардан тарқалгани тахмин қилинмоқда.
 Коронавируслар - вируслар оиласига мансуб “Атипик зотилжам” (SARS) касаллигининг чақирувчисига ўхшаб кетувчи вирус бўлиб, беморларда оддий шамоллашдан то ўткир респиратор синдром (ТОРС) деб номланувчи оғир кечадиган касалликни келтириб чиқаради. “Атипик зотилжам” касаллиги ҳам 2002 йилда Хитойда келиб чиққан бўлиб, 37 давлатга тарқалган ва 8 мингдан ортиқ киши касалланган эди.
 Янги коронавируснинг хусусиятлари ҳозирги кунда дунёнинг кўплаб лабораторияларида ўрганилмоқда. Олимларнинг изланишлари натижасида касаллик қўзғатувчиси топилган бўлиб, ушбу вирусга “2019 -nCoV” номи берилди. Бугунги кунда коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина яратиш ишлари жадал олиб борилмоқда, дастлабки синов ишлари самарали натижалар бермоқда.
 Ушбу вирус ташқи муҳит таъсирига ва зарарсизлантирувчи воситаларга нисбатан чидамли. Ҳозирча ушбу касалликни даволаш учун махсус дори воситалари йўқлиги сабабли бошқа вирусларга қарши қўлланиладиган воситалардан фойдаланилмоқда. Касаллик хасталанган одамлардан ҳаво-томчи ҳамда маиший мулоқот йўли билан юқади. Беморга ёрдам кўрсатишда ҳимоя воситаларидан фойдаланмаслик оқибатида шифохона шароитида тиббиёт ходимларига ҳам касаллик юқиши ҳолатлари кузатилмоқда.
 Беморларда 14 кунлик яширин давридан сўнг кучли дармонсизлик, тумов, йўтал, бош ва томоқда оғриқ, тана ҳароратининг кескин кўтарилиши, бронхит, менингит, менингоэнцефалит, зотилжам, шунингдек, ошқозон-ичак фаолиятида ҳам ўзгаришлар кузатилади. Коронавирус келтириб чиқарган касалликнинг яширин даври оддий гриппникидан узоқроқ, клиник белгилар эса ундан қисқа фурсатда юзага чиқади, жадал ривожланади. Беморнинг аҳволи тез муддатда оғирлашиши натижасида касаллик асоратлар билан ўтиши ва ўлим билан тугаши эҳтимоли бор. Чунки, ҳозирги кунда ушбу вирусга қарши одамларда ҳимоя қобилияти (иммунитети) ривожланмаган ва бу ҳолат дунё халқлари ўртасида пандемияга олиб келиши мумкин.
 Хориждан қайтаётган барча фуқароларни, шу жумладан, республикамизга кириб келаётган фуқаролар 14 кун давомида доимий яшаш жойларида тиббий кузатувга олинади. Бошланғич клиник белгилар пайдо бўлган ҳолда эса зудлик билан даволаш учун ётқизилади. 
 Шуни таъкидлаш лозимки, фақат коронавируснинг эмас балки барча юқумли касалликларнинг олдини олишда шахсий ва жамоат гигиенаси қоидаларига қатъий амал қилиши катта аҳамиятга эга. Қўлни совун билан ювгандан сўнг албатта спирт билан ишлов бериш, йўталганда, аксирганда оғиз ва бурунни рўмолча билан ёпиш, шамоллаш белгилари бўлган беморлар билан яқин мулоқотда бўлмаслик, йўтал, иситма, нафас олишда қийналиш ҳолатлари кузатилганда тезлик билан шифокорга мурожаат этиш лозим.
Биронта хонадонда бемор аниқланганда, бемор ётган хоналар, фойдаланган жиҳоз, идиш-товоқлари хлор сақловчи воситалар ёрдамида ёки қайнатиш билан зарарсизлантирилади. Организмнинг инфекцияга қарши курашувчанлигини ошириш мақсадида витамин ва оқсилларга бой бўлган маҳсулотларни, пиёз, саримсоқ, цитрус мевалар, наъматакдан тайёрланган дамламалар истеъмол қилиш лозим. 
 Касаллик юқмаслиги учун жамоат жойларида докадан тикилган саккиз қаватли ниқоб ёки бир марталик респираторларни тақиш тавсия этилади.
  Унутманг, юқумли касалликларнинг олдини олиш фақат шифокорларнинг эмас, балки ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Ф.ЯКУБОВА,
О. УЗОҚОВ,
туман санитария-эпидемиология осойишталиги 
маркази  шифокорлари.