,,WARMING UP’’ НИМА ДЕГАНИ?

Бугунги кунда барча соҳаларда бўлгани каби, таълим соҳасида ҳам хорижий атамаларнинг кенг қўлланиши кузатилмоқда. Бу эса биздан ўзимиз қўллаётган ёки мулоқотда учраётган ушбу сўзларнинг маъно-соҳиятини билишимизни талаб этади. Негаки, асл мазмунини билмайдиган сўзимизни ноўрин қўллашимиз мумкин. Ҳозирда умумтаълим муассасаларида мавжуд фанлардан, хусусан инглиз тили фанида ,,Warming up’’ атамаси мавжуд бўлиб, бу тушунча дарснинг бир қисми сифатида ташкил этилмоқда. Ушбу атаманинг маъноси қандай? У бошқа фанларда ҳам борми? Бу саволлар кўпчиликка қизиқ бўлса керак, албатта?
,,Warming up’’ атамаси инглиз тилидан олинган бўлиб, - “тетиклашмоқ, чигилни ёзмоқ” деган маъноларни билдиради. Warming up – дарс жараёнининг бошланиш қисмида ташкиллаштирилиб, ўқувчиларни дарс муҳитига мослаштириш ва кайфиятини кўтариш учун қўлланади. Масалан, инглиз тили дарсларида ,,Warming up’’ сифатида қўшиқлардан кенг фойдаланилади.  Менинг ўзим ҳам дарс жараёнида кўтаринки кайфият ва соғлом муҳитни яратишда бу услубдан фойдаланаман. Бунда кўп қўлланадиган ,,Warming up’’ қўшиқларидан бири ,,Head, shoulder’’ қўшиғи бўлиб, асосан бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган. Унинг афзаллик томонлари шундаки, қўшиқ мобайнида ўқувчилар ҳам тана аъзоларини номини инглизча айтишади, ҳам ўйин ҳаракатлари орқали жисмоний машқ бажаришади. Дастлаб бош, сўнг елка, тизза ва тўпиқларни кўрсатишиб, қўшиқни жамоавий куйлашади. Ўқитувчи эса ўйин давомида янги тана қисмлари номини айтиб, кўрсатади. Бу эса сўзларни тез ва осон ёдлаш имконини беради.
Менинг фикримча, барча синфларда, барча фанлар кесимида ушбу “Warming up” услубини қўлласа бўлади. Ҳар бир ўқитувчи ўз фан соҳасига оид атамалардан, мавзулардан фойдланиб турли рағбатлантирувчи, фанни қизиқарли тарзда ўрганишга ундовчи “Warming up”ни ташкил этишса дарс жараёни янада қизиқарли ва самарали ўтади деб ўйлайман.
Бахромова Дилфуза, 94-умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси.