ДОНОРЛИК - БЕҒАРАЗ ЯХШИЛИК

Донорлик - беморларга ёрдам бериш, инсонларга яхшилик қилишнинг    оддий усули. Ҳар куни минглаб инсонлар донор қонига муҳтож бўлади. Афсуски, қонни сунъий тарзда ишлаб чиқишнинг имкони йўқ. Унинг ягона манбаи соғлом инсон танасидаги қондир.


Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда беғараз донорлик ва уни ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. "Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида"ги Қонун доирасида донорлар билан ишловчи тиббий муассасалар фаолиятини янада такомиллаштириш, қон ва унинг таркибий қисмлари хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, кенг жамоатчилик орасида беғараз донорликни кенгайтиришга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилиб, ижроси таъминланаётир.

Мамлакатимизда барча соҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳолини кучли ижтимоий ҳимоя қилиш, саломатлигини муҳофаза этиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Донор қони мураккаб жарроҳлик амалиётларида, патологик туғруқ жараёнларида, жигар ва онкологик касалликларда, ўткир қон кетишида, оғир тан жароҳатларида, камқонликда, лейкемияларда (оқ қон) қуйиш ва бошқа кўпгина ҳолатларда ишлатилади. Донор қони, айниқса, фавқулодда вазиятларда, режали жарроҳлик амалиётларида қўл келади.

Маълумки, қон, унинг компонентлари ва препаратлари (плазма, эритроцитлар, тромбоцитлар, альбумин ва иммуноглобулинлар) инсон ҳаёти хавф остида қолганда қуйилади. Шунингдек, қон тизими касалликларида (оғир даражали камқонликлар, лейкоз, яъни оққон хасталиги, қон ивиш тизими бузилиши - гемофилия касаллиги, коагулопатиялар), саратон, патологияли оғир кечадиган туғруқларда, жарроҳлик амалиётларида, оғир даражали куйишларда ва турли      фавқулоддаги ҳолатларда асқотади. Бундай вазиятда керакли миқдордаги қонни топиш учун соғлом инсонларни доимий, беғараз қон донорлигига жалб этиш лозим.

Донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлар бўлиб, улар Республика Қон марказида тўрт босқичли тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан, донорлик қилиши мумкин. Соғлом киши учун қон топшириш, албатта хавфсиз ҳисобланади. Чунки одам организмидаги 4,5-5 литр қондан 400 миллиграмм олинса, организм 36 соат ичида йўқотган суюқлиги ўрнини  тиклаб олиш хусусиятига эга. 

Қон бериш -   хавф остидаги инсонга ҳаёт ҳадя этишдир. Бу эса савоб ишнинг энг олий ифодаси саналади. Шундай экан, савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик!


Э.ЯКУБОВ,

туман КТМП

 шифокори.