ЖОНИМИЗ ШУНЧАЛАР АРЗОНМИ?

Кундалик ҳаётимизда  телевизор,   радио орқали янгиликлардан хабардор бўлар эканмиз,  сўнги ойлар ичида юртимизда  йўл транспорт ходисаси тез-тез содир бўлаётгани ва унинг аянчли   оқибатлари  ҳаммамизга сир эмас.


Қурбонлар сони бўйича  сўров юборилганда Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар Вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги  бош   бошқармаси томонидан лўнда       тақдим этилган маълумотларга кўра: 2021 йилнинг ўтган  4 ойи мобайнида  557 киши йўл транспорт ҳодисаси  қурбони бўлган.  

Ўйлаб кўринг-а?  Бу кичкина кўрсаткич эмас. Бу рақамлар остида кимнингдир ота-она, ака-укаси ёки фарзандлари бор. Биргина эътиборсизлик  сабаб   қанчадан қанча кишилар ўз яқинларидан ажралган. Шунингдек ўтган 4 ой мобайнида ЙТҲ сабабли  1684 киши  жароҳатланиб,   баъзи инсонлар бутун умр ногирон,   бошқалар кўмагига муҳтож бўлиб қолган.   


Хўш, бунинг сабабини нима билан изоҳлаймиз? Инсон ўзи яратган техникага хукмронлик ўрната олмаслигими ёки инсонларнинг мавжуд қонун-қоидаларга бўйсунмаслигими? 

Юртимизнинг баъзи туман ва  қишлоқларида йўл билан боғлиқ муаммолар  кузатилмаса,  деярли шаҳарларда  йўллар кенг ва равон.  ЙТҲга   кўпроқ ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликка амал қилмаслиги,  маст ҳолатда транспорт воситаларини бошқариши,  уқувсизлиги сабаб бўлмоқда.  Ачинарлиси, қоидабузарликлар   асосан ёшлар ва ўсмирлар орасида кўп кузатилади.   Баъзи бир оилалар ҳали вояга етиб улгурмаган фарзандига ҳам машинани ишониб топширишади.  Ваҳоланки, бундай ҳолатлар  қоидабузарликларнинг кўпайишига сабаб бўлади.Йўллардаги аянчли ҳодисалар ҳайдовчининг фақат ўзига эмас,  жамиятдаги инсонларга ҳам таъсир этмасдан қолмайди. Тўғри, содир бўлаётган бахтсиз ҳодисалар фақат тезлик ортидан эмас  баъзан кутилмаган  тасодиф   туфайли содир бўлиши ҳам мумкин. Бирор касб мисолида оладиган бўлсак, касб эгаси бўлишдан аввал маълум вақт билим олинади,  кўникма ҳосил қилинади. Хўш, узоғимизни яқин этадиган транспорт бошқарувчилари,  ақл салоҳияти-ю, билими етарли даражадами? 


Бу ҳам масаланинг муҳокамага сабаб бўладиган қисми ҳисобланади. Тааасуфки,транспорт бошқараётган 70 фоиз ҳайдовчилар йўл қоидаларини яхши билмайди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини қандайдир “йўл”лар орқали олишган. Бунинг оқибатида   дилни хира қиладиган аянчли ЙТҲ туфайли одамлар жабр кўрмоқда.   Бундай аянчли ҳалокатларнинг олдини олиш ҳар биримизнинг вазифамиз. 

Ҳа, ҳайдовчи ҳам етарли даражада билим ва маҳорат соҳиби бўлиши зарур. Ҳали вояга етмаган ўсмирга машина ҳайдашни ишониб топшириш, техник жиҳатидан соз бўлмаган уловда йўлга отланиш, йўлда ҳаракатлана туриб ҳушёрликни йўқотиш каби эътиборсизликлар инсон ҳаётига жиддий хавф соладиган омиллар эканини ёдда тутиш зарур. Зеро, узоғимизни яқин қиладиган транспортлар бизни фалокат томон элтадиган  кўприк бўлишига йўл қўймаслигимиз лозим.


Маржона 

ШОҲИМАРДОНОВА, 

Ўзбекистон Давлат 

Жаҳон тиллари 

университети талабаси.