МЕВАЛИ БОҒЛАРНИ ЗАРАРКУНАНДАЛАРДАН АСРАЙЛИК!

МаълумкиРеспубликамизнинг барча  ҳудудида бўлгани каби Пахтачи тумани ҳудудида етиштирилаётган уруғ ҳамда данак мевали боғларга “Гилос пашшаси”, “Олма мевахўри” ва “Шарқ мевахўри” каби зараркунандалар жиддий ҳавф солмоқдаАйтиш керакки, бу турдаги зараркунанда ҳашоратлар жуда тез кўпайиб, етиштирилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига жуда катта миқдорда салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам уларга қарши турли усуллар билан курашиш зарур.

Аввало, юқорида кўрсатиб ўтилган зараркунандалар тўғрисида айтиб ўтсак:

Олма қурти 30 турдаги мевали дарахтларга зарар етказади. Кўпроқ олма, нок, ёнғок, олхўриларнинг асосий зараркунандаси ҳисобланади. У йилига 3 марта авлод беради. Жорий йил қиш нисбатан илиқ келди. Бу кўплаб зараркунанда ва касалликларнинг кўпайиш эҳтимолини оширди. Шу боис боғбонлар, фермерлар, томорқа эгалари унга қарши курашни тўхтатмасликлари лозим.

Қарши курашиш усули: олма қуртига ҳар бир авлодига кимёвий кураш олиб борилади. Бунда индоксакарб (аваунт, антовант) 15%ли 0.4л/га. ва эмамектин бензоат асосли (проклейм, протект) 5% ли 0.5 кг/га. кимёвий воситаларидан фойдаланиш ижобий натижа беради.

Мазкур маслаҳатимизга жиддий эътибор берган ва олма қуртига қарши тадбирларни сифатли ўтказган боғбонларнинг ҳосили баракали бўлади, нобудгарчиликлар кескин камаяди.

Гилос пашшаси

Ҳозирги кунда гилоснинг энг асосий ва хавфли зараркунандаси бу гилос пашшаси, унга қарши кураш чоралари ўз  вақтида амалга оширилмаса, ҳосилнинг миқдори ва сифати 80-100 фоизгача йуқотилиши мумкин.

Гилос пашшаси Европа, Шимолий Кавказ, Грузия, Молдова, Қозоғистон, Ўрта Осиё давлатларида тарқалган. Ҳашарот майда кўриншда 5,5 мм, танаси ёрқин қора рангда, боши ва оёқлари сариқ, қаноти оқ-қора, кўзлари оч яшил рангда. Личинкалари 7 ммгача,  оқ рангда бўлиб, мевани зарарлайди.  

Ушбу зараркунанда аниқланганда унга қарши олтинкўз энтомофагини боғларга тарқатиш  ҳамда таъсир этувчи модда сиабамектин, имидоклоприд ва лямбда-цигалотрин бўлган инсектоцидларни қўллаш юқори самара беради.

Шарқ мевахўри.

Зарари. Шафтоли, олхўри, гилос, олча, ўрик, олма, нок ва беҳига жиддий зарар етказади. У асосан новда ва мевани зарарлайди. Гилос дарахтларида эса янги ўсган новда учидан кириб ўртасини ейди. Шафтолининг ёш новдаларини зарарлаб, бора-бора қуритиб қўяди. Шафтолида мева ичига кириб данак атрофини ейди.

Таърифи. Капалаги қанотларини ёзганда узунлиги 1,0-1,5 см, қўнғир тусли, кўкраги қорнидан қорамтирроқ. Олдинги қанотларининг чеккасида оқ доғчалари бор. Қанотларнинг попуги қўнғир тусли. Тухуми 0,7 мм; юмалоқ ёки овал шаклда, юқори томони буришган. Қуртининг катталиги 12 мм гача, ёшлигида оқ, ривожланиб бўлишига яқин оч қизғиш тусга киради. Ғумбаги жигар ранг, қуртининг сўнгги сегментининг юзасида қиллари бор, шу орқали бу қуртни олма қурти ва бошқа қуртлардан фарқлаш мумкин.

Ҳаёт цикли. Қурти пўстлоқ тангачаларининг остида ва ўсимлик қолдиқларининг орасида пиллага ўралган қуртлик ҳолатида қишлайди. Эрта кўкламда қуртлар ғумбакка айланади ва шафтоли гуллаган даврда капалаклар пайдо бўлади, булар кечқурун ва тун бошларида фаолроқ бўлади. Урғочи капалаклар дунёга келгандан беш кун кейин тухум қўя бошлайди.

Кураш чоралари. Агротехник тадбирлар – кузда хазон баргларни тўплаб кўмиб юбориш; дарахт танасини эски пўстлоқлардан тозалаш; дарахт атрофини чопиқ қилиш; дарахтлар танасини оқлаш; боғларда тутқич белбоғлар ўрнатиш; пишмай тўкилаётган меваларни ҳар куни териб олиш.

Кимёвий усул: Таркибида хлоратранилипрол, диметоат, малатион, тиоклоприд бўлган кимёвий препаратлар билан ишлов бериш керак.

Ҳурматли пахтачиликлар!

Ҳозирда вилоятимиз бўйлаб мазкур зараркунандаларга қарши кураш бўйича “Долзарб ўн беш кунлик” эълон қилинган. Сизларни ушбу тадбирда фаол иштирок этишга чақирамиз. “Гилос пашшаси”, “Олма мевахўри” ва “Шарқ мевахўри” каби зараркунандаларга қарши барча бирдек курашса, бу ҳашоратларнинг дарахт меваларига кўрсатадиган зарари кескин камайиб, боғлардан мўл ҳосил йиғиштириб олиш мумкин бўлади.


А.АМИРОВ,

Б.АБСАМАТОВ, 

Вилоят ўсимликлар карантини Давлат инспекцияси Иштихон  туман инспекторлари.