Сайёр қабул ўтказишдан мақсад халқда боқимандалик кайфиятини уйғотиш эмас

- Аҳоли томонидан билдирилаётган сўровларнинг аксариятини уй-жой сўраб мурожаат этганлар ташкил этмоқда. Қайта таъкидлайман, бошланғич бадал тўловини амалга оширмаган фуқарога уй берилмайди. Ҳақиқатан, ҳеч кими йўқ, уйга ўта муҳтож фуқаролар бўлса, марҳамат, ёрдам берамиз.

Вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Иштихон туманида фуқаролар билан ўтказган навбатдаги сайёр қабулини ана шундай мурожаат билан бошлади.

Сайёр қабулда аҳоли томонидан асосан йўл қурилиши, табиий газ таъминоти, ичимлик суви, мактабгача таълим муассасалари муаммолари билан боғлиқ мурожаатлар айтилди.

Қабул давомида вилоят ҳокими ҳамда сектор раҳбарлари аҳолининг 270 дан зиёд мурожаатларини тинглашди. Масалаларнинг аксариятига шу ернинг ўзида ечим топилди. Билдирилган бошқа муаммоларни ўрганиш ва қисқа муддатда ҳал этиш бўйича тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарларига топшириқлар берилди.

Инсон манфаатлари барча нарсадан устун. Бугунги кунда амалга оширилаётган ўзгаришларни кузатар эканмиз бунга яна бир бора ишонч ҳосил қиламиз.Ҳатто энг чекка маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудларида ҳам сайёр қабуллар ўткизилиб, муаммолар жойида ечим топмоқда. Албатта бундай эътибор ва ғамхўрликдан халқимиз хурсанд.

 -Ҳақиқатдан ҳам  орамизда ёрдамга муҳтож кишилар учрайди. Уларнинг дилида ҳам орзу истаклари бор. Ёрдам кўрсатиб бундай кишиларнинг кайфиятини кўтариш, фарзандларининг ўзгалардан кам қилмасдан ўстиришлари учун имкон яратиш энг асосий мақсаддир. Буни тўғри тушуниш керак. Озгина ёрдам, эътибордан руҳланиб олдинга ҳаракат қилаётган кишиларни ҳаётга яна ҳам қизиқтириш зарур. Муҳтарам Президентимиз ҳам фақатгина кабинетда ўтирмасдан халқимизга яқин бўлиш, уларнинг ҳузурига бориб суҳбатлашиш, дардларини эшитиш деган фикрларни бежизга айтмаётир,- деди вилоят ҳокими Э.Турдимов.

Фуқароларнинг мурожаати эшитилди ва шу жойнинг ўзида ҳал этилди, масъулларга зарур топшириқлар берилди.

Туманнинг Тангитепа қишлоғидан Алимов Мамадоли 1993 йилда туғилган фарзанди Жуманова Меҳринисонинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини йўқотган. Ижтимоий ҳимояга муҳтож оила қайта ҳужжатни тиклашда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Бу масала ФҲДЁ бўлими томонидан тезкорлик билан ҳал этилди, фуқаронинг талаби қондирилди.

-Нафас олишга қийналаман. Фарзандларим жуда ёш. Узоққа бориб даволанишга шароитим тўғри келмайди,-деб мурожаат қилди Хумо маҳалла фуқаролар йиғини Чайжовул қишлоғидан Ҳаққулова Дилноза.

Фуқаро билан қайта юзма-юз суҳбат ўтказилди, ўрганилди. Масъуллар билдирган хулоса шундай бўлди. Беморнинг тезлик билан туман тиббиёт бирлашмаси терапия бўлимида ётиб даволаниши учун барча зарур шароитлар муҳайё этилди.

Сайёр қабулда худди шундай мазмунда мурожаат қилган Боғибон МФЙ, Қурилиш қишлоғидан Санақулова Фарида тиббий хизмат борасида амалий ёрдам кўрсатиш белгиланди.

Ўзинг танлаган соҳангда ишлаб озми- кўпми оилангга ёрдаминг текканига нима етсин! Бўронхўжа МФЙ, Бўронхўжа қишлоғидан Туйғунова Мунира Самарқанд педагогика коллежини 2009 йилда битирган.Аммо ҳали бирор жойда ишламаган. Вилоят ҳокимининг сайёр қабулидан кейин шу вақтнинг ўзидаёқ шу ҳудуддаги 26-МТМда меҳнат фаолиятини бошлаш имкони яратилди.

Меҳнат фахрийси Ражаб Ҳасанов Иштихон кўчасининг таъмир талаблиги масаласида, Қозоқ Тошбоев туман йўллардан фойдаланиш корхонаси учун грейдер зарурлиги ҳақида мурожаат қилишди. 2019 йилда йўл таъмирланади ва шу йилнинг сентябрь ойига қадар корхонага грейдир билан таъминлаш вилоят “Автойўл” бошқармасига топширилди.

Мурожаатлар кўп бўлди. Асосан ички йўлларни таъмирлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит маблағлари зарурлиги, кадастр хизмати,уй-жой,коммунал хизмат соҳасидаги муаммолар ҳақида ҳам масъул идора ва ташкилотларга вазифалар юклатилди.

Аммо,аммо вилоят ҳокими Э.Турдимов айрим фуқароларга “Сизга бундан ортиқ ёрдам беролмаймиз!” деган аниқ жавобни таъкидлади. Чунки туман ҳокимлиги томонидан ёрдам тариқасида олиб берилган100 дона шифрни қоқиб беришни, тан-жони соғ бўла туриб музлатгич билан таъминлаш, турмуш ўртоғи соғлом, оиласида 2 нафар ўғли бўла туриб уйини таъмирлаб беришларини сўрашнинг ўзи...Бугун шукроналик билан ҳаракат қилиш, мақсад сари олдинга интилиш шу юртда ҳаёт кечираётган инсон борки муқаддас бурч деб билмоғи керак.
ТЕГЛАР: hokim erkinjon turdimov