Бош прокурор ўринбосарига Самарқандда 300 га яқин мурожаат тушди

Аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ҳамда уларни жойида бартараф этиш мақсадида 17-18 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси раҳбарияти Самарқанд вилоятида ҳудудий сайёр қабуллар ўтказди.
Республика Бош прокурори ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов бошчилигида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарларида ўтказилган қабулларда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан 370 нафардан ортиқ фуқаро иштирок этиб, уларнинг 300 га яқин мурожаати қабул қилинди.
Келиб тушган мурожаатларнинг 63 таси қабул чоғида ҳал этилди. Хусусан, 30 нафар ишсиз фуқаро ишга йўлланма олди. Ногиронлиги бўлган шахсларга 23 та ногиронлик аравачаси, 4 та эшитиш мосламаси берилди. 3 нафар фуқаронинг уй-жой масаласига оид аризаси қаноатлантирилди. Яна уч тадбиркорнинг кредит олиш билан боғлиқ ва бошқа муаммоларига шу ернинг ўзида ечим топилди.

Сайёр қабуллар давомида қайд этилган мурожаатларнинг асосий қисми ижтимоий-иқтисодий масалалар, суд қарорлари, суриштирув ва тергов фаолиятига оид бўлиб,  барчаси назоратга олинди ва уларни ҳал этиш бўйича аниқ муддатлар белгиланди.