ШАҲАРДА… ИСТАЛГАН ЖОЙ - “СТОЯНКА”МИ?!

Иштихон шаҳри марказига кириб келган кишининг эътиборини энг аввал бир манзара ўзига тортади. У ҳам бўлса йўлдаги тирбандлик. Чорраҳаларда светафорнинг бир меёрда ишлаб турганига қарамай ҳайдовчиларнинг асабий бақириши, ҳатто, ўзаро тортишувларига гувоҳ бўлишга эса ўрганиб ҳам қолдик. Аммо афсуски, воқеа шу билан тугамайди. Баъзан кўнгилсизликлар содир бўлиб, кимлардир жабрдийдага айланади. Ҳар гал шундай воқеа (Оллоҳ асрасин!) юз берганида йўл-патрул ходимлари ҳаракатни тартибга солишга киришадилар. Бир муддат ҳаммаси изига тушгандек бўлади.Аммо, бир оздан сўнг яна эски ҳолат давом этади.
 Хўш, бу тартибсизликнинг боиси нимада? Унга барҳам беришнинг имкони йўқми?
 Ҳаётда барча воқеаларга асос бўладиган бир ҳақиқат бор - САБАБ ва ОҚИБАТ!
 Демак, биз аввало, ҳолатнинг сабабларини таҳлил этишимиз жоиз. Ҳайдовчиларнинг таъкидлашича, шаҳардаги марказий йўл кенглиги талаб даражасида эмас. Аммо, мутахассислар эътирофига эътибор қаратадиган бўлсак, бу йўллар у даражада тор ҳам эмас. Демак, йўлда ҳаракат меёрини таъминлашга халақит берадиган ҳолатлар мавжуд. Бу - йўл бўйлаб турнақатор тизилиб тўхтаб турган автомашиналар! Уларнинг аксарияти йўловчи кутаётган “киракаш” уловлардир. Чорраҳанинг бир томонида Самарқандга (давомида эса шаҳар  ичида қатновчилар), иккинчи томонида Митан қўрғонига, учинчи томонда Каттақўрғон шаҳрига ва тўртинчи томонда Лойиш, Янгиқўрғонга йўловчи кутаётган ҳайдовчилар автомобилларини тизиб қўйишган. Йўлнинг ўнг томонида жойлашган  “стоянка”га кириб-чиқаётган автомобиллар қатновининг ўзи яна бир муаммо! Улар ҳаракатланаётган ҳар қандай автомобилнинг йўлини бемалол тўсиб, ўз “йўлаклари”га ўтиши табиий ҳолга айланган. Чоршанба ва якшанба кунлари эса йўл четида тўхтаб турадиган автомашиналар сони икки-уч ҳисса ортади. Бунинг устига шу кунларда “Миёнқол” кийим бозорига кираверишда яна бир “стоянка” ўз фаолиятини бошлайди, яъни бозор йўлида Митан, Халқобод, Шейхлар йўналишларига қатновчи киракашлар йўловчи пойлашади. “Деҳқон бозори”, Пайшанба йўли, “Севинч” супермаркети атрофи, ушбу дўкон рўпарасидаги юк ташувчи машиналар тўхтаб турадиган  “стоянка”лари ҳақида эса гапиришнинг ўзи ортиқча.
 Шу ўринда пиёдалар ҳаракатига ҳам эътибор қаратиш лозим. Минг афсуски, аксарият ҳамюртларимиз йўл ҳаракати қоидалари пиёдалар учун ҳам тааллуқли эканини ҳар доим ҳам эслайверишмайди ёки писанд қилмайдилар. Уларнинг наздида шусиз ҳам тирбанд йўлнинг ҳамма жойидан, ҳар қандай вақтда бемалол кесиб ўтиш мумкин!
 Хуллас, бир гал катта шаҳарларда бемалол машина бошқарган ҳайдовчи Иштихон марказида тирбандликдан йўл тополмай эсанкираб қолганини айтганида мен асло ажабланмадим. Чунки, бу бор гап! 
 Мана энди ОҚИБАТ ҳақида тўхталиш вақти келди. Оқибат шуки, аввало, яхши ният билан йўлга чиққан барча йўл ҳаракати иштирокчилари марказий йўлда қаттиқ асабийлашишига тўғри келади. Асабий ҳолатдаги ҳар қандай ҳаракат эса (минг афсуски) кўнгилсизлик хавфини икки ҳисса оширади. Ҳақли савол туғилади: Бу ҳолатдан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими ходимлари бехабарми? Йўқ албатта. Фақат улар ҳаракатни доимий равишда назорат қилиб туришга улгуришмайди, бунинг имкони ҳам йўқ. Чунки, бўлинма ходимлари сони кам, тартиббузарлар эса улардан ўн, юз баробар ортиқ. Шу боис, йўлнинг қаерига йўл-патрул ходими етиб келса, шу ҳудудда маълум вақт тартиб ўрнатилади. Улар кетиши билан яна эски ҳаммом, эски тос!
 Ажабо, бу ҳолат худди “Мушук-сичқон” ўйинини ёдга солади, шундай эмасми? Аммо, биз кимга жабр қилаяпмиз? Ўзимизга-да! Афсуски шундай, оддий эътиборсизлик, қоидаларга беписандлик ва маданиятсизлигимизнинг оқибати фақат ўзимизга жабр етказаётгани ҳақиқат. Бунга сиз нима дейсиз, ҳурматли йўл ҳаракати иштирокчилари?!

Муқаддам ҲАЙИТОВА, журналист.