ХАВФНИНГ КАТТА-КИЧИГИ БЎЛМАЙДИ

Кейинги вақтларда ис газидан заҳарланиш ҳолати ҳақидаги хабарлар тез-тез тарқалмоқда. Бу одамларни доимо ҳушёр бўлишга чақиради. Ҳар бир одам ис гази, ундан эҳтиёт бўлиш, бундай ҳолатларда биринчи ёрдам кўрсатиш қоидаларини билишини такозо этади.
Хўш, ис гази ўзи нима? Ёқилғи маҳсулотлари ичида бошқаларига нисбатан хавфлироқ бўлгани – бу табиий газ ҳисобланади. Табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, газ оқимининг бехосдан узилиб қолиши, хона ичида газ тўпланиши, газни ёқиб  қаровсиз қолдириш, иситиш тизимларига газни улашда хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик оқибатида портлаш ва ёнғин содир бўлиши ҳамда табиий газ ва ис газларидан заҳарланиш ҳолатлари билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар содир бўлиши мумкин.  
Ис гази хонадонларимизда фойдаланиладиган табиий газнинг тўлиқ ёнмаслиги, кўмир ва органик моддаларнинг чала ёнишидан ҳосил бўладиган газдир. Ис гази инсон организмининг нафас йўллари ва нафас аъзоларига кучли таъсир қилади. Ис гази нафас йўллари орқали организмни, хусусан, марказий асаб системасини зарарлайди. Ис газидан қатор органик моддалар синтез қилувчи корхоналарда, гаражларда вентиляция ёмон бўлганда, янги бўялган, шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ ёниб турганда ва печка билан иситиладиган уйларда печка қопқоғи ўз вақтида ёпилмаганда заҳарланиб қолиш мумкин.
  Ис гази (углерод оксиди) — рангсиз, таъмсиз, ҳидсиз заҳарли газ. Кимёвий формуласи — CO. Ис гази (СО) — ер юзида энергияни жадал ишлатилишидан юзага келадиган, табиатда энг кўп тарқалган заҳарловчи газлардан биридир. Қазиб олинадиган ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмаслиги Ис газининг бош манбаидир, у асосан кўмир, табиий газ ва бошқа ёқилғиларнинг тўлиқ ёнмасли сабаб юзага келади. Нафас олинувчи ҳаво таркибида 0,1 фоиз ис газининг бўлиши, ўлим ҳолатига олиб келиши мумкин.
 Ис гази организмга тушганда у қон таркибидаги гемоглабин ва кислород ташувчи эритроцитларни ўзаро боғлаб, кислородни тана бўйлаб ҳаракатланишини чеклайди. Натижада инсон ҳушини йўқотади.
Газдан заҳарланганда биринчи ёрдам қандай кўрсатилади?
Барча ҳолатдаги оғир заҳарланишларда зудлик билан тез тиббий ёрдам чақириш зарур. Шифокор етиб келгунга қадар қуйидагиларни амалга ошириш керак:
 -Жабрланувчини зудлик билан газланган ҳудуддан тоза ҳавога олиб чиқиш керак;
-Жабрланувчининг қўл ва оёқларини кўтарилган ҳолатда ётқизиш;
 -Нафас олишига халақит берувчи барча нарсаларни йиғиштириш (тугмаларни ечиб, ёқани очиш, камарни бўшатиш ва бошқалар);
 -Жабрланувчининг ухлаб қолмаслигини назорат қилиш. Жабрланувчини юргизиш тақиқланади;
 -Жабрланувчи нафас олмаётган бўлса, унга тоза ҳавода ёки ҳавоси яхши айланадиган хонада сунъий нафас олдиришни бошлаш лозим;
 -Нашатир спиртини ҳидлатиш;
 -Ҳушига келган вақтида йиқилиб, жароҳатланмаслиги учун чоралар кўриш;
 -Жабрланувчининг ҳолати яхши бўлса, иссиқ чой ёки қаҳва ичириш;
 -Кислород ёстиғи ёрдамида кислород бериш.
 Ҳар қандай кўнгилсиз ҳодиса кўнгилни хира қилади. Шу боис, доимо қоидаларга қатъий амал қилиш, газ ва иситиш ускуналаридан фойдаланганда эҳтиёткорликни унутмаслик лозим.

Аъзам ХУДОЙҚУЛОВ,
тумани Фавқулодда вазиятлар бўлими
ФВДТ ва ФМ фаолиятини ташкиллаштириш
хавфсизлик тарғиботи бўлинмаси бошлиғи.
Жамшид СОБИРОВ,
туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари 
профлактика ва назорат бўлинмаси бошлиғи.