Вилоят ҳокими эътибори билан ёлғиз она уйли бўлди

2018 йилнинг 12 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг "Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган фарзандларини тўлиқсиз тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисида"ги    Низоми тасдиқланди.

Фарзандларини ёлғиз тарбия қилаётган аёллар ҳам оиланинг моддий таъминоти, ҳам болалар  тарбияси билан шуғулланишади. Албатта, бу осон иш эмас. Шу сабабли фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган оналарга давлат томонидан турли имтиёзлар берилади.
Туманимизнинг Митан шаҳарчаси, Қ.Қаршиев маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Мавлуда Тоштемирова ҳам икки нафар фарзандини ёлғиз тарбияламоқда. Турмуш ўртоғи ҳарбий хизматчи эди, аммо 1997 йилда вафот этди. Мавлуда опа фарзандлари билан онасининг уйида яшайди. Бу ҳовлида улардан ташқари онаси ва укаси ҳам оиласи билан яшайди. Табийки, ўз уйига эга бўлиш Мавлуда опанинг энг катта орзуларидан бири эди.
Апрель ойининг охирида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов Митан шаҳарчасига ташриф буюриб, ҳудуд аҳолиси билан учрашди. Ушбу тадбирда Мавлуда опа вилоят ҳокимидан уй олиш масаласида амалий ёрдам сўради. Онанинг мурожаати ижобий ҳал этилди, яъни унга Самарқанд шаҳридан икки хонали уй ажратилиб, биринчи тўлови вилоят ҳокимлиги томонидан тўлаб     бериладиган бўлди.
-Юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, уларнинг орзу-истаги, ташвиш ва муаммолари давлатимиз эътиборида эканлигини ҳис этдим. Фарзандларим вояга етишган, мен ҳам уларга тўй қилиб орзу-ҳавас кўришни хоҳлайман. Энди, насиб этса янги уйга келин туширамиз, - дейди Мавлуда опа қувонч билан.
Шунингдек, бу оиланинг жамиятда муносиб ўрин эгаллаши, янги уйнинг қолган тўловларини аста-секин тўлаб бориши учун имконият яратишга ҳам эътибор қаратилди. Оиланинг тўнғич фарзанди Мақсуд Сайфиев номига "Agromir Buildings" МЧЖ билан шартнома тузилди.  

Идрис РАВШАНОВ,
Қ.Қўчқоров номли 
МФЙ раиси.