МАРОҚЛИ ҲОРДИҚ ЧИҚАРМОҚЧИМИСИЗ



  Хавфсизлик қоидаларига амал қилинг!
 Иссиқ кунлар бошланиши билан тоғли ҳудудлар, сув иншоотлари соҳилларида дам олишга ошиқамиз.Оила аъзоларимиз, дўстларимиз даврасида яйрар эканмиз, баъзан дам олишнинг ҳам ўз қоидалари борлиги, айниқса, хавфсизлигимизга эътибор қаратишни ҳам унутамиз. Лекин дам олиш жойларида, сув ҳавзалари яқинида баъзан турли кўнгилсизлар  юз бериши ҳолатлари ҳам кузатиладики, буни унутмаслик лозим.

Ҳар қандай мудҳиш воқеани олдини олиш, у содир этилгандан кейин чора кўришдан афзалроқдир. Шу мақсадда вилоят ҳамда туманимиз ҳудудида барча сув ҳавзаларида фаолият юритувчи кемалар устидан назорат ўрнатилди. Йил давомида сув ҳавзаларида дам олувчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча кемалар техник назоратдан ўтказилди ва уларнинг созлиги, махсус қутқарув асбоб-анжомлари билан жихозлангани, ҳайдовчиларнинг гувоҳномалари мавжуд эканлиги эътиборга олинаётир. Чунки кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланишга эришиш фуқароларни кўнгилсиз ҳодисалардан асрашнинг асосий кафолатларидан биридир.
Аммо, хавфсизликни сақлаш масаласига фақат масъуллар ва соҳа ходимларигина эмас, балки дам олувчиларнинг ўзлари ҳам эътиборли бўлишлари зарур.Аввало, яшаш жойимизга яқин бўлган ва хавфсизлик ҳолати назоратга олинмаган сув ҳавзалари, дарё ва сойлар атрофида ўз билганингизча дам олишга ошиқманг. Яхши ҳордиқ олиш учун албатта, махсус назорат остида бўлган дам олиш масканларига борган маъқул.  Дам олиш ҳудудларида эса жорий этилган қоидаларга қатъий амал қилиш, ёш болалар, аёллар ва сузишни билмайдиган фуқароларни асло қаровсиз қолдирмаслиги талаб этилади. 

Шунингдек, дам олишга келган фуқаролар кичик кемалардан фойдаланганда нималарга эътибор бериш лозимлигини ҳам билишлари зарур. Унутманг, кичик ҳажмли кемаларнинг барча турлари (моторли ва эшкакли кемалар) рўйхатдан ўтказилиб, уларга “кичик ҳажмли кема билети” берилади.  Шунинг учун рўйхатдан ва яроқлилик бўйича техник кўрикдан ўтказилмаган кема ҳамда бошқариш гувоҳномасига эга бўлмаган ҳайдовчи хизматидан асло фойдаланманг. 
    
  Кичик ҳажмли кемалардан фойдаланишда қуйидагилар тақиқланади:
 - ўрнатилган тартибда рўйхатдан, техник кўрикдан ўтмаган, борт рақамлари бўлмаган, қутқарув воситаларига эга бўлмаган, рухсатсиз жиҳозланган кемаларни бошқариш;
 - юк олиш меъёрларини бузган ҳолда йўловчи сиғдириш, белгиланган сув чегара ҳудудларини ва сузиш қоидаларини бузган ҳолда, алкоголли ичимликлар, наркотик моддалар истеъмол қилиб маст ҳолатда кемани бошқариш, кема бошқарувини кемани бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки маст ҳолатда бўлган шахсга бериш;
 - маневрлаш, борт чироқлари ва белгиларини ишлатиш, товушли сигналларни бузиш, гидротехника иншоотлари, техник воситалар, қайиқларнинг йўл белгилари ва навигация (кема қатнови) белгиларига шикаст етказиш, вақтинчалик ёки доимий сузиш учун ёпилган ҳудудларга рухсатсиз кириш ёки тақиқланган жойларда атайин тўхташ;
 - кичик ҳажмли кемаларга уларнинг тўхташ жойлари, портлар, аҳоли турар жойлари чегараларида 30 км/соатдан, пляжлар ва аҳолининг оммавий дам олиш жойларида 10 км/соатдан ортиқ тезликда ҳаракат қилиш;
- пляжлар ҳавзаларида, бошқа чўмилиш жойлари ва аҳоли оммавий дам оладиган жойларида ҳаракат қилиш, пляжлар чегаралари ва одамлар чўмиладиган жойлар чегараларида чўмилувчиларга сув мотоциклларида 150 метр масофагача яқинлашиш; 
 - кичик ҳажмли кемаларда 12 ёшгача бўлган болаларни қутқарув жилетларисиз ва ката одамлар кузатувисиз олиб юриш;
- сузувчи навигация белгилари, юк ва йўловчи тушириш жойлари, кўприклар тагида тўхташ, маневр қилиш, дарё флоти транспортларининг бевосита яқинида тўхташ, бошқа сув кемаларига ҳалақит бериш; 
 - кема билетида тегишли ёзувлари бўлмаган эшкакли қайиқларга мотор ўрнатиш;
- браконьерлик ва бошқа ноқонуний мақсадларда кемалардан фойдаланиш;
 - ҳаракат вақтида бир кемадан бошқасига ўтиш, кема бортига ўтириш, кемани силкитиш ва чўмилганда, ҳаракат вақтида палубасиз кемаларда одамларнинг жой алмашишига йўл қўйиш (авария-қутқарув ва қидирув ишларини олиб бораётган экипаж аъзоларидан ташқари);

- ёқилғи қуйишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик; 
 - бортдан ташқарига чиқиндиларни, ахлатларни ва бошқаларни ташлаш, нефть маҳсулотларини тўкиш;
 - авария-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган чегаралар, сувдан ўтиш жойлари ва земснарядлар ишлаётган жойлар ҳамда кўприклар, каналлар ва шлюзларга яқин жойларда кемаларни қувиб ўтиш;
 - туман пайтида ва бошқа мўлжални олиш қийин бўлган ноқулай об-ҳаво шароитларида ҳаракат қилиш.
  Юқорида келтирилган талабларга яъни кичик ҳажмли кемалардан хавфсиз фойдаланиш қоидалари риоя қилинса ҳамда фуқароларимизнинг вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча шарт-шароитларга эга, махсус текширувлардан ўтказилган чўмилиш ҳавзаларида чўмилиши таъминланса мақсадга мувофиқ бўлади.

Аъзам ХУДОЙҚУЛОВ, 
Иштихон туман Фавқулодда вазиятларбўлими 
ФВДТваФМФТЭБ бошлиғи.