ҚРИМ-КОНГО КАСАЛЛИГИ ОДАМГА ЮҚАДИ(МИ?)

Қрим-конго геморрагик иситма касаллиги вирус қўзғатадиган, табиий шароитда каналар орқали юқадиган ўта хавфли юқумли касалликдир. Табиатда йирик ва майда шохли ҳайвонларда учрайдиган геморрагик иситма касаллиги вирусини сақловчи ва ташувчилари ҳисобланади.

Касаллик вирусини сақловчиси ва ташувчилари қон сўрувчи каналардир. Вируслар каналар организмида сақланиб,  авлоддан-авлодга ўтади. Кана ёпишган ҳайвонларда вируснинг қонда пайдо бўлиш жараёни қайд қилинса-да, уларда касаллик белгилари кузатилмайди. Каналар ушбу ҳайвонлар танасида 15-20 кун озиқланиб бўлгач, ҳайвон танасини тарк этади.

Ушбу касаллик одамларга вирус билан зарарланган каналар чақиши натижасида юқади. Касаллик асосан чўпонлар, уларнинг оила аъзолари, қўй-эчкилар қирқимида иштирок этувчилар, моллардаги каналарни қўлда терувчилар, молларни чўмилтиришда иштирок этувчилар, қассоблар, тери ва жун сақловчи омбор ходимлари, овчилар, ветеринария ходимлари ва табиат қучоғида дам олувчилар ўртасида учраши эҳтимоли юқори бўлади.

Касалликнинг олдини олишда мол парвариши  билан шуғулланадиган  хонадон ва фермер хўжаликларда каналарга қарши ҳайвонлар, молхоналар, қўра ва қўтонларни мол чўмилтирувчи дорилар билан ҳар 10-15 кунда мунтазам ишлов бериб туриш лозим.

 Уй   ҳайвонлари билан муомалада бўлганда шахсий гигиена қоидаларига тўлиқ риоя қилиш,        зинҳор ҳимояланмаган қўл билан канани олиб ташламаслик лозим.

Фахриддин 

АБДУРАЗЗОҚОВ,

ветеринария шифокори.