"УРНА"ЛАР ҚАЕРГА КЕТДИ?


Ёки биз қачон маданиятни ўрганамиз!

Иштихон - жаннатмакон маскан. Кейинги йилларда шаҳардаги ободончиликлар ҳақида гап кетганида кўпчиликка ибрат бўлгулик янгиликлардан фахр билан сўзлаймиз. Айниқса, истироҳат боғидаги имконият ва қулайликларга ҳатто қўшни туманлар аҳолиси ҳам ҳавас қилиши бор гап. Фақат...

Нима демоқчи эканимизни англадингиз-а? Ҳа, сезганингиздек яна тозалик ҳақида сўзламоқчимиз! Айтинг-чи, яқин кунлар ичида боғ томонга йўлингиз тушдими? Афсуски, боғ оралаб ўтганимизда бизнинг кайфиятимиз бузилди. Негаки, йўлаклар, аттракцион ва ўриндиқлар атрофида музқаймоқ қоғозлари, турли чиқиндилар сочилиб ётибди. Бундан соя-салқин боғ ичи файзсиз ҳолатга тушиб қолган. Тўғри, масъуллар талаби билан ҳар куни эрта тонгда фаррошлар йўлакларни бир карра "тозалашади". Лекин тозалаш ишлари фақат кириш йўлагидан то фаввора майдонигача бўлган ҳудудда бажарилади. Боғнинг Қорақўйли МФЙ ҳудудидаги чиқиш йўлагидаги эски ҳожатхона ўрни яна чиқиндихонага айланиб улгурган. Боғ тўрида чиқиндилар учун махсус урналар ўрнатилган. Лекин ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли чиқиндини  урна ичига эмас, унинг атрофига ташлашга одатланиб қолишгани кўриниб турибди.

Шу ўринда яна бир масалага тўхталиб ўтиш жоиз. Ўтган йили туман Ободонлаштириш бўлими томонидан шаҳар бўйлаб "урна"лар ўрнатилган эди. Аммо, ҳозир уларнинг аксарияти кўринмай қолди. Борларидан ҳам ўринли фойдаланишни ҳалигача ўргана олмаяпмиз. Бунга эса ўзимизнинг маданиятдан анча йироқ эканимиз сабаб бўлмоқда.

Бу муаммолар ҳақида ўйлар эканман,  унинг асл манбасини топгандек бўлдим. Биз масъулларнинг хизмат вазифаси, талаблар ва тартиблар ҳақида кўп гапирамиз. Лекин ҳар қанча шарт-шароит яратилгани билан одамларнинг ички маданияти, тозаликка эътибор ва бошқалар меҳнатига ҳурмат ҳисси бўлмас экан, муддаога эришиб бўлмайди. Ёзувчи Ўткир Ҳошимовнинг бир ҳикоясида фаррош меҳнатининг қадр-қиммати ҳақида жуда ўринли фикрлар айтилган. Қуёш ер юзига чиқар экан, заминдаги тозаликдан, файздан яшнаб кетади, дейилади унда.

Ҳа, шаҳримиздаги кенг, соя-салқин ва файзли боғдаги имкониятлар катта шаҳарлардагидан асло қолишмайди. Бу ерда фароғатли шароит яратиш ҳам ёки уни чиқиндихонага айлантириш эса ўз қўлимизда!  


М.ҲАЙИТОВА,

"Иштихон овози" мухбири.