ИНСОН ҚАДРИ ЮКСАКДИР БУ ЮРТДА

Бағрикенглик, инсонийлик меҳмондўстлик деган қадриятлар азалдан ўзбек халқига хос бўлган фазилатлар сирасига киради. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг муборак Рамазон ҳайити муносабати билан “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни авф этиш тўғрисида”ги Фармони адашиб жиноят йўлига кириб қолган фуқароларимизга катта туҳфа бўлди десак муболаға бўлмайди.

Фармонга мувофиқ озодликдан маҳрум этилган ва чин кўнгилдан пушаймон бўлган 100 нафар фуқаро афв этилди. Афв этилганларнинг 12 нафарини чет эл фуқаролари, 4 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 6 нафарини аёллар ҳамда 52 нафарини тақиқланган ташкилотлар фаолиятига қатнашган шахслар ташкил этади.

Юртбошимизнинг байрам муносабати билан бундай Фармонни имзолаши чуқур маъно касб этади. Озодлик ва тинчлик улуғ неъмат ҳисобланади. Ҳар бир инсон бунинг қадрига етиши лозим. Ушбу шахслар берилган бундай туҳфадан ўзларига тўғри хулоса чиқариб, юрти ва оиласига нафи тегса, меҳрибон бўлишса, замон билан ҳамнафас яшашса мақсадга мувофиқ бўлади.

Янги Ўзбекистон - янгича дунёқараш деган шиорлар остида йўлимизни белгилаб олдик. Дунё ҳамжамиятининг юртимизга бераётган баҳосини, ўзгаришлар тўғрисидаги илиқ фикрларини ҳар куни ижтимоий тармоқ ва ОАВ орқали кузатяпмиз. Келажакни кўзлаб қанчадан қанча Қарор ва Фармонлар имзоланмоқда. Аввало буларнинг барчаси халқимизни рози қилиш йўлида қилинаётган саъйи - ҳаракатлар ҳисобланади. Озод этилганларнинг 6 нафарини аёллар ташкил қилади дедик. Аёл авваламбор она, фарзандлар тарбиячиси, ҳаёт давомичиси  ҳисобланади. Келажагимиз бўлмиш фарзандлар тарбиясида аёлларининг ўрни муҳимдир. Фарзандларимизнинг тўғри йўлдан юришида, адашиб жиноят йўлига кириб қолмасликларини таъминлашда аёлларимиз аввало ўрнак бўлишлари керак. 

Муҳтарам Президентимиз томонидан бир неча йилдан буён қанчадан қанча фуқароларимизга афв берилган бўлса, уларнинг қанчаси ҳозирги кунда жамиятга мослашиб ўз ўринларини топишди. Инсоннинг қадри юксак баҳоланадиган юртимизга илоҳим кўз тегмасин. 

Муталлиб РАҲИМОВ,

Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати.