“ЁШ ҚУТҚАРУВЧИ”: ШИЖОААТ, МАТОНАТ ВА ЖАСОРАТ СИНОВИ

Шундай дақиқалар бўладики, у инсонийлик ва мардликни лаҳзалик синовлар имтиҳон қилади. Биз гоҳида бу синов лаҳзаларини бир сўз билан “фавқулодда вазиятлар” деб атаймиз. Бундай кутилмаган дақиқалар оддий инсонни қаҳрамонга айлантириши ёки аксинча бўлиши мумкин. Айни кунларда умумтаълим муассасалари ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини татбиқ этиш, уларнинг қутқарувчилик касбига бўлган қизиқиш ва интилишларини ошириш, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, фавқулодда вазиятлар чоғида тўғри ҳаракат қила билиш, фуқаро муҳофазаси, ёнғин хавфсизлигига оид билим, малака ва кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказилаётган тадбирлар замирида ҳам аслида инсонийликни мустаҳкамлашдек эзгу мақсад мужассамлашган.



  Туман ҳокимлиги, Фавқулодда вазиятлар,  Халқ таълими, Жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари, “Қизил ёрим ой” жамияти ҳамда  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши, тиббиёт бирлашмаси ва Маданият бўлими ходимлари ҳамкорлигида ташкил этилаётган бу тадбирда ўқувчи ёшлар жуда фаол иштирок этишди.

  1-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган мусобақаларда умумтаълим мактабларининг 776 нафар ўқувчилари орасидан 4 та сектор кесимида саралаб олинган 5 та жамоа ўзаро беллашди. Ҳар бир жамоада 8 нафардан иштирокчилар ғолиблик учун бор маҳоратларини кўрсатишди.  




Якуний натижаларга кўра, фахрли  I-ўринни 12-мактабнинг “Ёш гвардия”, II-ўринни 90-мактабнинг “Жасорат”,  III-ўринни эса 41-мактабнинг “Лочинлар” жамоалари қўлга киритишди.

Иштирокчиларга фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар билан бирга “Миллий тикланиш партияси” ва “Қизил ярим ой” жамияти томонидан эсдалик совғалари ҳам топширилди. 



А.ХУДОЙҚУЛОВ,

 Иштихон туман ФВБ ФВДТ

ва ФМ ФМХТБ бошлиғи.