ЖИНОЯТ ИШЛАРИНИ КЎРИШДА КЎРСАТУВЛАРНИ ОЛДИНДАН МУСТАХКАМЛАШ, ДАСТЛАБКИ ЭШИТУВ, АЙБИГА ИҚРОРЛИК ТЎҒРИСИДАГИ КЕЛИШУВ ИНСТИТУТЛАРИ ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ


Бугунги кунда суд ҳокимиятининг фуқароларимизни ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини химоя қилиш борасидаги ролини ошириш борасида юртимизда мухим ислохатлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, жорий йил 18 февраль куни “Ўзбекистон Республикасининг 

Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

   Мазкур, қонун билан Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимчаларга кўра:

   -Кўрсатувларни олдиндан мустаҳкамлаб қўйиш;

   -Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув;

  -Айбга иқрорлик тўғрисида келишув институтлари жорий қилинди;

    Кўрсатувларни олдиндан мустахкамлаб қўйиш бу суд томонидан амалга оширилиб, гувох ва жабрланувчини (фуқаровий даъвогарни) ишни судга қадар юритиш босқичида прокурорнинг илтимосига кўра сўроқ қилишда ўз ифодасини топади.

    Бунда, гувохни, жабирланувчини (фуқаровий даъвогарни) объектив сабабларга кўра (Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб келиши, уларда жиноят ишини юритишда иштирок этишни истисно қиладиган оғир ва давомли касаллик мавжудлиги) ишни судга қадар юритиш ёки суд мухокамаси чоғида кейинчалик сўроқ қилиш мумкин бўлмай қолади деб тахмин қилиш учун асослар мавжуд бўлган холларда, уларнинг кўрсатувлар олдиндан мустахкамлаб қўйилиши мумкин.

Жиноят иши бўйича дастлабки эшитув:

   -жиноят иши бўйича иш юритишни тўхтатиб туриш;

   -жиноят иши бўйича иш юритишни тўгатиш;

   -жиноят ишини айблов далолатномасини, айблов хулосасини ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чорасини қўллаш тўғрисидаги қарорни тасдиқланган прокурорга юбориш;

   -Қонунда назарда тўтилган ҳолларда жиноят ишларини бирлаштириш;

   -номақбул далилларни ишдан чиқариб ташлаш тўғрисида тарафлардан бирининг илтимоси мавжуд бўлганда ўтказилади.

  Қонун талабига кўра жиноят иши бўйича дастлабки эшитув судья томонидан жиноят иши бўйича дастлабки эшитувни тайинлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган пайтдан эътиборан беш суткадан кечиктирмай бошланиши, дастлабки эшитувни ўтказиш давомийлиги ўн суткадан ошмаслиги лозим.

   Дастлабки эшитув институтларининг жорий этилиши судга келиб тушган жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида тарафларнинг дастлабки эшитувларда иштирок эта олишни таъминлайди. Натижада судларда ишларни кўришда инсон ҳуқуқлари ва кафолатларини янада кўчайтириш ва тарафларнинг бахслаша олиш тамойилини амалда рўёбга чиқаришга, жиноят ишини умумий асосларда кўришга монийлик қилаётган сабабларни ўз вақтида бартараф этиш имкониятини берувчи қарорлар қабул қилиш жараёнида тарафларнинг тортишувига сўзсиз риоя қилинишига, суд мухокамаси давомида мақбул далиллардан фойдаланиш учун имкон яратишга ҳизмат қилади.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув –жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий ҳавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишув саналади.

  Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Қонун билан амалдаги Жиноят кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ, айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув тузилган жиноятлар бўйича жазо белгиланган энг кўп жазони ярмидан ошмаган ҳолда тайинлаш кўрсатилган.

   Юқоридаги янги жихатлар ифодасидан кўриниб турганидек, ислохотлар суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг қонуний манфаатларини, уларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари қонуний, ишончли химоя қилишга хизмат қилиши шубҳасиз.  


К.ПАНСАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Иштихон

туман судининг раиси.