БОТУЛИЗМГА НИМА САБАБ БЎЛМОҚДА?

Ботулизм бу кам учрайдиган аммо энг кучли овқатдан заҳарланиш бўлиб,  асосан уй шароитида тайёрланган дудланган балиқ ва гўшт, сабзавот ва мева консерваларини истеъмол қилиш оқибатида келиб чиқади. Аҳоли ўртасида ботулизм билан хасталаниш асосан ноябрь ойидан бошланиб, май ойигача қайд этилади. Ботулизм билан касалланиш ҳоллари таҳлил қилинганда, уй шароитида тайёрланган маринадланган бодринг, помидор, патиссон, қалампир, қўзиқорин, карам консервалари, бақлажон икраси ва дудланган балиқ каби маҳсулотларни истеъмол қилиш касаллик келиб чиқишига сабабчи бўлаётганлигини кўрсатмоқда.

“Clostridium botulinum” бактериялари яшаши учун кислород керак эмас. Ботулизм келтириб чиқарувчи токсин хозирда маълум бўлган заҳарлар ичида энг кучлиси хисобланади. Бу заҳар периферик нерв системасини сезиларли даражада бузади. Ботулотоксин нервларда ацетилхолин медиаторини ажралиб чиқишига тўсқинлик қилиши натижасида мушакларни фалажлайди. Ботулотоксин мушаклар активлигини камайтиргани учун тиббиётда кичик дозаларда мушаклар спазмини енгиллатиш учун ва юздаги ажинларни кетказиш учун ишлатилади.

Ботулизм симптомлари

-Ботулизмнинг дастлабки белгилари кўпинча кўнгил айниши, қусиш, ошқозон санчиғи ва ич кетиши бўлади. Бу ошқозон-ичак бузилиши белгилари мушаклар зараланишидан олдин ривожланади. Яра ботулизмида ошқозон-ичак бузилиши белгилари бўлмайди. Бундан ташқари:

-Оғиз қуриши;

-Кўз олди қоронғулашиши ёки иккита кўриш;

-Қовоқлар осилиб қолиши;

-Яқиндаги нарсаларни кўриш қийинлашиши;

-Қорачиқларни ёруғлик таъсирида яхши тораймай қолиши;

-Нутқ бузилиши;

-Ютиниш қийинлашиши каби ҳолатлар учрайди.

       Токсин мушаклар бўшашишига олиб келади, лекин сезувчанлик ўзгармайди. Шунингдек бемор одатда хушида бўлади. 

Ботулизмни олдини олиш учун қуйдаги чораларни кўриш керак:

-Овқатни камида 79,9°C да 30 минут давомида тайёрлаш керак, бунда токсинлар хаммаси нейтралланади;

-Уйда тайёрланган консерваларни токсинларни парчалаш учун 10 минут давомида қайнатиш керак;

-Ранги ва хиди ўзгарган, қопқоғи кўтарилган ёки оқариб қолган консерваларни ташлаб юбориш керак;

-Фольгада тайёрланган картошкани иссиқлигида ейиш керак.

Унутманг! Ўзингиз ва оила аъзоларингизнинг саломатлиги ўз қўлингизда.


Илҳомжон БОҚИЕВ,

Туман ФВБ профилактика ва назорат инспектори, лейтенант.