ФАРЗАНД ТАРБИЯСИГА КИМ МАСЪУЛ?

Кўп йиллик кузатишлардан бизга маълумки, фарзанд тарбияси ва унинг келажаги шаклланиши аввало оиладан бошланади. Шу  сабабдан ҳам доно халқимиз "Қуш уясида кўрганини қилади",- деб таъкидлайдилар.

Таълим-тарбия жараёнидаги узоқ йиллик тажрибамдан шундай хулосага келдимки, таълим муссасасида қандай таълим-тарбия берилишидан қатъий назар, боланинг жисмоний ва руҳий ривожланиш жараёнидаги асосий шакл-шамойил оила муҳитида берилади. Айниқса, бугунги  оммавий маданият таъсири кучайиб бораётган бир даврда   барча таълим муассасалари олдида   ўқувчиларнинг оила ва улар яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорлик қилиш зарурати долзарб масалалардан бири бўлиб қолаётир. 

1- сонли ИДУМда ўтказилган  навбатдаги ота-оналар йиғилиши ҳам айнан шу мавзуга бағишланди. Юқори синф ўқувчиларининг ота-оналари иштирокида ташкил қилинган ушбу йиғилишда мактаб директори Келдиёр Очилов ахборот технологияларининг юқори суръатларда ривожланиши, бунинг фарзандлар тарбиясига кўрсатаётган ижобий ва салбий таъсири, ўқувчиларнинг тартиб-интизоми, билим даражаси ҳақида маъруза қилди.  Ота-оналарга мактабнинг ички тартиб-қоидалари ҳақида батафсил   тушунча берди. Мактаб Ёшлар иттифоқи етакчиси М.Зоиров, маънавий-маърифий-ишлар бўйича    директор ўринбосари Ф.Тоғаева, мактаб психологи М.Ҳайитовалар ота-оналарни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб бердилар.

Шунингдек, йиғилишда вилоят мактабларида  содир бўлган хунук ҳолатлар муҳокама марказида бўлди. Жорий йилда Нарпай ва Самарқанд туманларидаги айрим мактабларда содир бўлган салбий ҳолатларнинг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеороликлар намойиш этилди.

Ушбу ҳолатлар юзасидан ота-оналар ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

-Менинг тўнғич фарзандларим ҳам шу мактабни битириб, олийгоҳ талабалари бўлишди. Ҳозир невараларим шу мактабда ўқишади, -деди йиғилишда сўзга чиққан Робия  Аннақулова,-Бугунги кунда ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътиборсизлигини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Юқоридаги салбий ҳолатларнинг юзага келишида аввало, ота-она айбдор. "Маҳалла- мактаб-оила" ҳамкорлигини мустаҳкам йўлга қўйиш тарафдориман. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бола тарбиясини фақат мактаб ёки оила зиммасига ташлаб қўйиш жоиз эмас. Юқорида таъкидланганидек, уч томонлама самарали ҳамкорликни  тўғри йўлга қўйиш бугунги куннинг асосий талабидир.


Феруза ТОҒАЕВА,

1-ИДУМ директорининг 

маънавий-маърифий ишлар 

бўйича ўринбосари.