"ДИРЕКТОР КУБОГИ" УМУМТАЪЛИМ МАКТАБИДА ЯНГИ ТАШАББУС

Президентимиз томонидан илгари сурилган беш ташаббус доирасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсадлардан бири ёшлар    маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини    мазмунли ташкил этишдан иборат.

Бу ҳар бир жамоанинг ташкилотчилиги билан боғлиқ. Ана шу   мақсадда мактабимизда ўқувчилар ўртасида "Директор кубоги" ташкил этилди.


Ёшлар орасида иқтидорли  ёшлар кўп. Уларнинг спорт, бадиий адабиёт  ва бошқа соҳаларга бўлган орзу-истакларининг амалга ошишида "Директор кубоги" муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари ўқувчилар онгига одоб-ахлоқ қоидларини сингдириш, қизиқарли топшириқлар, викториналар, фанлар кесимида ўзлаштиришлари ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, мустақил ижод қилиш, касбга йўналтириш ва ўқувчиларда жамоавий ишлаш, яъни бутун синф   бир жамоа  сифатида бир мақсад сари интилишини таъминлашдир.

"Зукко ўқувчи", "Санъат сеҳри", "Ранглар жилоси", "Сеҳрли қўллар" каби бир неча йўналишларда ташкил этилган танлов ўқитувчи ва ўқувчилар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Астойдил эътибор қаратадиган бўлсак,  устозлар таъкидлаганидек, қобилиятсиз ўқувчининг ўзи йўқ. Асосийси. улардаги яширин истеъдодларни юзага чиқаришдир.

"Директор кубоги" танловини ташкил этиш ҳамда моддий қўллаб қувватлашда ҳамкор ташкилотлар, тадбиркорлар ҳамда ота-оналар моддий ҳамда маънавий кўмаги муҳимдир.  Мазкур тадбирни қўллаб-қувватлаш мақсадида келиб тушган маблағларнинг барчаси ғолиб деб топилган иштирокчиларни рағбатлантириш учун сарфланади. Биз ўқувчиларнинг қизиқиши, ҳоҳиш-истакларини инобатга олиб,ушбу тадбирни  ўқув йили   давомида ҳар чоракда бир маротаба ўтказишни режалаштириб олдик.

Бугун таълим соҳасида шунчаки ишлаб бўлмайди, янгиликлар сари интилиш талаб этилади. Устозлардан нафақат ўз соҳасини чуқур билиш, балки ташаббускор бўлиш, ноанъанавий услублар орқали ўқувчиларни руҳлантириш,  дадилликка ундаш зарур бўлади.

Албатта, кўрик-танловнинг бошланиши осон кечмади. Бунда Қантой Намозова, Жаҳон Мухторов, Суннат Шовқиев, Маҳбуба Саломова, Маҳлиё Жўраева каби маҳоратли ўқитувчилар ташкилотчилиги катта бўлди. Танловда ғолибликни эгаллаган синфлар Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Жамшид УМИРОВ,

19-умумтаълим 

мактаби директори.