ЭРТА ТУРМУШНИНГ САЛБИЙ ОҚИБАТЛАРИ

  Оила ҳаётнинг абадийлигини, авлодларнинг давомийлигини таъминлайдиган, муқаддас урф-одатларимизни сақлайдиган, шу билан бирга келажак насллар қандай инсон бўлиб етишишига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғи эканлигини билишимиз даркор.
 Қизларнинг ўсмирлик даврида организмнинг ривожланиши 18-20 ёшгача давом этади. Ушбу жараён давом этаётган пайтда турмуш қуриш организмнинг ривожланишига салбий таъсир этади ва турли асоратлар келтириб чиқаради. Бу даврда организм ҳомиладорлик, туғруқ ва умуман соғлом фарзандни дунёга келтиришга тўлалигича етилмаган бўлади. 
Эрта фарзанд кўриш ёш она саломатлиги билан бир қаторда ундан туғилажак бола саломатлигига ҳам маълум даражада хавф туғдиради. 
Бунинг исботини қуйидаги ҳолатлардан ҳам билишимиз мумкин:
-  Организм гормонал ҳолатининг мувозанатда эмаслиги;
-  Токсикознинг оғир ўтиши;
-  Йўлдош етишмовчилиги;
-  Туғруқ жараёнида кучсизлик;
-  Боланинг кичик вазнда туғилиши;
-  Аёллар ва чақалоқлар ўлими кўпроқ кузатилиши; 
-  Маънан ва жисмонан тез чарчаш, кечалари болага қарашга куч-қувватнинг етишмаслиги;
-  Ўз боласига кўпроқ психологик жиҳатдан мослаша олмаслик;
-  Фарзандини соғлом парваришлаш ва тарбиялашда қийинчиликларга дуч келиши;
-  Касб-ҳунарга эга бўлмаганлиги сабабли ўзига ишончсизлик оқибатида салбий психологик ҳолатларни келиб чиқиши;
-  Турмуш ўртоғи ва оила аъзолари билан янги муносабатларни ўрнатишда қийинчиликларга дуч келиши;
-  Оилада соғлом муҳитни ярата олмаслик ва ажралишларнинг келиб чиқиши;
-  Рўзғор ва хўжалик ишларини тартибли юритишга ўқувсизлик.
Бундай ҳолатларни яна кўплаб давом эттиришимиз мумкин. Ота-оналар фарзандини эрта турмушга беришга шошилмасликлари, бунинг оқибатида фарзанди ҳам ўзлари ҳам ҳаловатидан айрилишларини ўйлаб кўришлари лозим. Қизларини касб-ҳунарли қилиб, ҳам маънан ҳам жисмонан вояга етганларидагина янги ҳаёт остонасига узатсаларгина нур устига аъло нур бўлар эди...
Феруза Юлдошева
Иштихон тиббиёт коллежи 
Акушерлик ва гинекология фани ўқитувчиси